Самарқандда 378 нафар алимент тўловчи аёл бор
Кейинги пайтларда алимент ундириш муаммоси нафақат эр-хотин, балки ўз ота-онасини қарамоғига олишдан воз кечаётган фарзандлар ўртасида ҳам кўпайиб бормоқда.
Хусусан, оиласи билан ажрашган кўплаб эрлар гўёки бола фақат онага тегишлидек “Ажрашишни ўзинг хоҳладингми, энди болаларингни ҳам боқиб ол...” қабилида иш тутмоқдалар. Ёки қуч-қувватдан қолган ота-онасини давлат қарамоғига ташлаб қўйган кимсалар таъминот пулини ҳам бермасликка уринишяпти.
Хўш, бунинг сабаблари нимада?
Кўпинча, алимент ҳақида гап кетганда негадир дарров эркаклар кўз олдимизга келади. Аммо таассуфки, бугун алимент тўлаётган оналар ҳам кам эмас экан. Мажбурий ижро бюроси маълумотларига кўра, 2021 йилда алимент ундируви билан боғлиқ 3 мингдан ортиқ ижро ҳужжатлари айнан аёлларга, аниқроғи, ўз боласини отасига қолдириб кетган оналарга қаратилган. Тўғри, бу рақам жами алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг бир фоизини ташкил қилади. Аммо онаси тирик бўла туриб, етимлик юкини елкасига олган болалар учун бу рақамларнинг оз ёки кўплиги муҳим эмас...
Ҳудудий жиҳатдан аёллар томонидан энг кўп алимент тўлаш бўйича 2021 йилда Нукус (147 та) ва Самарқанд (144 та) шаҳарлари етакчилик қилган бўлса, ўтган йили бу борада Самарқанд (483 та) ва Фарғона (379 та) вилоятлари ўзларини «кўрсатди»лар.
– Бу, энг аввало, қадриятлар, оиладаги тарбия ва албатта, муваффақиятсиз асосга қурилган оилалардаги муҳит билан боғлиқ, – дейди МИБнинг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Суръат Жабборов. – Тўғри, ушбу рақам умумий алиментлар фонида жуда оз ва ҳатто муҳокама қилишга арзимасдек туюлиши мумкин. Аммо меҳрга муҳтож бўлган биргина гўдак ҳам шу жамиятнинг тўлақонли аъзоси ва у ҳам нормал яшаш ҳуқуқига эга эканини инобатга олсак, вилоятимизда қайд этилган 483 та ҳолатдан ҳар биримиз хулоса чиқаришимиз керак кўринади... Айни пайтда тизимни рақамлаштириш ишлари олиб бориляпти. Ходимларимизнинг иш юкламаси катта, албатта. Аммо ижро тадбирларини тўлиқ онлайн амалга оширишга эришсак, иш самарадорлиги янада ошади. Инсон омили билан йўл қўйиладиган турли хатоликларнинг олди олинади. Алимент масаласига келсак, ҳисобот даврида жами 203,5 миллиард сўмдан ортиқ алимент пулларини ундириб бердик. Фуқаролар ўртасида олиб борилган профилактик суҳбатлар натижасида 7207 та оила яраштирилди. Айни кунда вилоятимизда 378 нафар алимент тўловчи аёл бор...
Айтганча, кўпчилик оталарнинг аёлидан алимент олишга ғурури йўл қўймагани боис алимент тўлаётган аёллар сони тугал эмаслигини ҳам тан олиш керак. Йўқса, бу статистикалар бугунгидан анчагина салмоқли бўлиши мумкин эди.
Маълумки, Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Мажбурий ижро бюроси ҳузурида «Алимент тўловлари» давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилган. Бу институтнинг ташкил этилиши алимент олувчиларга анчайин енгиллик туғдирганига қарамай, алимент қарздорлигини ўз вақтида ва тўлиқ ундириш билан боғлиқ мурожаатлар сони камаймаяпти.
Расмий манбаларда қайд этилишича, Германия, Буюк Британия, Франция, Австрия, Норвегия, Финландия, Польша ва Латвияда алимент ундируви масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, қарздор томонидан алимент тўланмаган тақдирда давлат томонидан махсус фондлардан тўлаб бериш йўлга қўйилган. Бу фондларнинг тегишли қонун нормалари билан тартибга солингани эса ёш авлоднинг моддий таъминотини кафолатлашни назарда тутади. Фонддан алимент тўланганда, бола таъминотида узилиш бўлмаслиги ҳамда тўлаб берилган алимент пуллари қарздордан кейинчалик ундириб олиниши белгилаб қўйилган. Мисол учун, Италияда ота-оналардан бири алимент тўлашдан бош тортса, суд орқали бобо ва бувидан алимент ундирилиши мумкин экан. Хитойда эса алимент тўлашдан бўйин товлаш алимент тўловчини узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки ўлим жазосига ҳукм қилинишига сабаб бўлади.
Бизда эса 2023 йилга қадар алиментларни ўз вақтида тўламаган шахслар 15 сутка қамоқ ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари миқдорида жаримага тортилар эди.
Ўтган йилдан бошлаб эса айбдорни 120 соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш жазоси ҳам қўлланила бошланди.
МИБ маълумотига кўра, 2021 йилда вояга етмаган фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлаган 5300 дан ортиқ фуқаро маъмурий қамоқ жазосига тортилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 8700 дан ортган.
Дарвоқе, шу ўринда фарзандларнинг ҳам меҳнатга лаёқатсиз ота-онасига алимент тўлаши ҳақида камдан кам гапирилишини таъкидлаш жоиз. Афсуски, орамизда ўз ота-онасини эъзозлаб, хизматини қилишдек қадриятга кўз юмганлар ҳам учраб турибди. Алоҳида қайд этиш жоизки, Оила кодексининг 109-111-моддаларида вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар меҳнатга лаёқатсиз ва ёрдамга муҳтож ўз ота-онасига таъминот беришлари ва улар тўғрисида ғамхўрлик қилишлари шартлиги белгилаб қўйилган. Кодексга кўра, ота-онасининг давлат ва нодавлат муассасалари қарамоғида эканлиги вояга етган меҳнатга лаёқатли болаларни ота-онага ғамхўрлик қилиш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш мажбуриятидан озод қилмайди.
Агар вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-оналарига моддий ёрдам беришдан бўйин товласалар, ота-она талабига кўра, таъминот суднинг ҳал қилув қарорига асосан белгиланади. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалардан ундирилаётган алимент миқдори эса қонунчиликда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ( 2023 йил 1 майдан- 980 000 сўм) 11,75 фоизидан кам бўлмаслиги керак. Вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ота-онасининг касаллигига ва бошқа узрли сабабларга кўра қилинадиган қўшимча харажатларда ҳам иштирок этишлари шарт. Ота-онаси олдида фарзандлик бурчини бажаришдан бўйин товлаган ўғил-қизлар миллий қонунчилигимизга кўра, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан ҳам жазоланиши мумкин.
Очиғини айтиш керак, алимент тўловчи она, ота ва фарзандлар ҳақидаги статистикалар кишини чуқур мулоҳаза қилишга ундаб, жавоби йўқ саволларни туғдираверади. Энг ёмони, бугун аёлларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ айни алимент тўлаш билан боғлиқ муаммолар ҳисобига ҳам ортиб бормоқда. Минг афсуски, бугун орамизда аёлини сариқ чақасиз кўчага ҳайдагани етмагандек, алимент сўрагани учун фарзандларини кўз олдида онасини дўппослаётган ота, боласини эрига ташлаб хорижда сайру саёҳат қилиб юрган она, ота-онасини мурувват уйига жойлаштириб, ўзи хотиржам яшаётган фарзандларнинг борлиги оғриқли, албатта...
Умид қиламизки, бу борада олиб борилаётган ислоҳоту турли ижтимоий лойиҳалар мавжуд статистикаларнинг камайишига хизмат қилади.
Меҳри ЖАҲОН.