Самарқанд туризми учун янги имкониятлар очилмоқда
Бугун Самарқанд нафақат тарих ва маданият маркази, балки туризм, хизмат ва инвестиция жадал ривожланаётган ҳудуд сифатида мамлакат иқтисодиётида тобора муҳим ўрин эгалламоқда.
Самарқанд — туризмда янги имкониятлар майдони
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Самарқанд вилоятида туризм соҳаси сезиларли суръатда ўсди. Бу борада сайёҳлик салоҳияти билан бирга тадбиркорлар учун яратилаётган қулай муҳит, инфратузилма янгиланиши ва давлат томонидан берилаётган имтиёзлар муҳим омилдир.
Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти айни жараёнда алоҳида ўрин тутади. 2021 йилдан буён ўтказиб келинаётган бундай мулоқотлар тадбиркорларни тинглаш баробарида муаммоларни ҳал этишга қаратилган аниқ механизмлар ишлаб чиқиш имконини бермоқда. Хусусан ер ажратиш, солиқ ва божхона имтиёзи, кредит ажратиш, инфратузилмани яхшилаш йўлидаги ўзгаришлар шундай ёндашувнинг амалий натижасидир.
Рақамлар ҳам ижобий ўзгаришлар кўламини кўрсатиб турибди. 2025 йил Ўзбекистонга 11,7 миллион хорижий сайёҳ келган. Жорий йилнинг дастлабки беш ойидаёқ мамлакатимиз 5,3 миллион нафар чет элликни қабул қилди. Биринчи чорак якуни бўйича Ўзбекистон халқаро туризм энг тез ўсиб бораётган беш давлат сафида эътироф этилди.
Бу натижада Самарқанднинг ҳиссаси алоҳида. 2026 йилнинг дастлабки беш кунидаёқ вилоятни қарийб 195 000 – 145 000 ички, 50 000 хорижий турист зиёрат қилган. Январь-апрель ойларида эса юртимизга сайёҳлик мақсадида 4 048 417 чет эл фуқароси ташриф буюрган. Шу тариқа айни кўрсаткич 27,3 фоиз ўсган.
Ер — туризм учун янги ресурс
Туризм инфратузилмасини кенгайтиришда энг муҳим масалалардан бири – ердан самарали фойдаланиш. 2025 йилги очиқ мулоқотда келгуси уч йил давомида меҳмонхона ва сайёҳлик мажмуалари барпо этиш учун 5 000 гектар майдонни аукционга чиқариш вазифаси белгиланган эди.
Самарқанд вилоятида шу имконият амалиётга татбиқ этилмоқда. Жумладан Самарқанд туманидаги “Оҳалик – Оқ бўйро – Миронқул” туристик-рекреацион зонаси инфратузилмасини ривожлантириш учун 14,3 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бундай лойиҳалар ҳудудларни фақат сайёҳлар ташриф буюрадиган маскан эмас, балки тадбиркорлик учун янги иқтисодий майдонга айлантиришга хизмат қилмоқда.
Солиқ имтиёзи — бизнес учун енгиллик
Маълумки, янги лойиҳа бошлаш ёки мавжуд бизнесни кенгайтиришда харажат муҳим омил ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан солиқ ва божхона соҳасидаги имтиёз тадбиркор учун қўшимча имконият яратади.
2026 йил 1 июндан туризм соҳасида қўшилган қиймат солиғини тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди. Янги қоидага кўра, меҳмонхона бизнеси, умумий овқатланиш, гидлик ва бошқа хизматлар билан шуғулланувчи тадбиркор 6 фоизлик ставкада қўшимча қиймат солиғи тўлашни ихтиёрий равишда танлаши мумкин.
Самарқанд учун яна бир муҳим енгиллик меҳмонхона бизнеси ва туристик инфратузилма учун зарур ускуна олиб кириш билан боғлиқ. 4 юлдузли ва янада юқори тоифали меҳмонхона учун зарур маҳсулот олиб киришда божхона божидан озод этиш, шунингдек шаҳар сайёҳлик маркази қурилиши учун келтириладиган ускунага нисбатан айрим бож тўловини бекор қилиш соҳадаги инвестиция лойиҳаларига қўшимча рағбат берди.
Хизматни диверсификация қилишга қаратилган енгилликлар ҳам бисёр. Хусусан, айрим ҳудудларда меҳмонхона учун туристик йиғим бўйича чеклов юмшатилди. Оилавий меҳмон уйларида кунлик қабул қилинадиган сайёҳлар сони эса 10 кишидан 20 нафарга оширилди.
Кредит – янги лойиҳалар учун таянч
Туризмни фақат сайёҳ оқимини тезлаштириш билан ривожлантириб бўлмайди. Яъни, меҳмонхона, ресторан, дам олиш маскани, туристик қишлоқ ва бошқа хизмат объектлари учун сармоя зарур. Шу боис молиявий қўллаб-қувватлаш механизмини кенгайтириш соҳадаги энг муҳим ўзгаришлардан биридир.
2026-2028 йиллари тижорат банклари томонидан меҳмонхона қуриш учун тадбиркорларга 7 йилгача муддатли имтиёзли кредит ажратилиши белгиланган. Бу йил Самарқанд вилояти туризмини ривожлантириш учун қўшимча 100 миллион доллар йўналтирилиши кўзда тутилган. Умуман, вилоятда соҳага 600 миллион доллар сармоя жалб қилиниб, 850 меҳмонхонани ривожлантириш режалаштирилган.
Вилоят марказлари ва туризмга ихтисослашган 36 туманда тадбиркорлар 30 миллиард сўмгача, бошқа ҳудудларда 10 миллиард сўмгача имтиёзли кредит олиши мумкин. 2026-2027 йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун 270 триллион сўм йўналтирилиши ҳам янги лойиҳалар учун молиявий имкониятни кенгайтиради.
Хорижий сайёҳ — янги иқтисодий имконият
Туризмда рақобат энди фақат сайёҳни жалб қилиш эмас, мамлакатда узоқроқ ушлаб қолиш ва меҳмонлар кўпроқ хизматдан фойдаланишини таъминлаш билан белгиланмоқда. Шу мақсадда 2026 йил апрелидан туроператорлар жалб қилган ҳар 1000 нафар хорижий сайёҳ учун 5000 долларгача субсидия бериш механизми жорий этилди. Бундан ташқари туроператорлар тўлаган ҚҚС ярмини кешбек сифатида қайтариш имкони ҳам яратилди.
Айни механизм Самарқанд каби халқаро туризмда брендига эга шаҳарлар учун айниқса муҳим. Зеро, хорижий сайёҳлар оқими тезлашиши меҳмонхона ва туроператорлардан тортиб, транспорт, умумий овқатланиш, ҳунармандлик ва бошқа хизматлар бозоригача бўлган кенг занжирда иқтисодий фаолликни оширади. Самарқанддаги ўзгаришлар эса жараённинг кейинги босқичи учун пойдевор яратмоқда. Демак, энди сайёҳлар сонини кўпайтириш етарли эмас – асосий вазифа улар учун янги йўналиш, сифатли хизмат ва кўпроқ қолиш имконини яратиш.
Инфратузилма бор жойда туризм ўсади
Турист учун тарихий обида қанчалик муҳим бўлмасин, унинг саёҳатдан олган таассуроти кўп жиҳатдан инфратузилма ва хизмат сифатига боғлиқ. Шу боис Самарқандда туризмни ривожлантириш сиёсати янги меҳмонхона қуриш ёки сайёҳ оқимини жадаллаштириш билан чекланмаяпти. Шаҳар ва вилоятда сайёҳнинг келишидан кетишигача бўлган жараённи қамраб оладиган яхлит муҳит яратилмоқда.
Бу борада “Ипак йўли” халқаро туризм маркази алоҳида аҳамиятга эга. Мажмуа Марказий Осиёдаги йирик туристик манзиллардан бири сифатида кўҳна кентнинг халқаро туризм харитасидаги мавқеини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ҳудуд ўртасида жойлашган 11 гектарлик “Абадий шаҳар” эса Буюк Ипак йўли бўйлаб шаклланган қадимий шаҳарлар муҳитини замонавий сайёҳлик форматида намоён этади.
Самарқанднинг тарихий қисмидаги 13 кўча пиёдалар ҳудудига айлантирилиши ҳам туристик муҳитни яхшилашга қаратилган. Нуробод туманида 470 гектар майдонда “Нурбулоқ” санаторий-курорт шаҳри ташкил этиш режаси эса вилоят туризмини тарихий-зиёрат йўналишидан соғломлаштириш ва рекреация форматгача кенгайтириш имконини беради.
Туризм – шаҳар марказидан ташқарига чиқмоқда
Самарқанд туризмининг кейинги ўсиш нуқтаси янги ҳудудларни туристик иқтисодиётга жалб қилишдир. Бунинг учун фақат марказдаги машҳур манзиллар эмас, балки маҳалла, қишлоқ ва табиий ҳудудларни ҳам яхлит йўналишга киритиш зарур.
Режага кўра, Самарқандда туризм маскани сифатида белгиланган маҳаллалар сони 239 тага, туристик фаолиятга жалб этиладиган уй хўжаликлари 1144 тага етказилади. 104 оилавий меҳмон уйи ва 105 умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этиш кўзда тутилган.
Бу рақамлар ортида яна бир муҳим мақсад бор: туризмдан келадиган даромадни аҳолига яқинлаштириш. Яъни, сайёҳ фақат меҳмонхона ёки йирик мажмуа эмас, маҳаллий оилавий меҳмон уйида тунаб, ҳунармандлик маҳсулоти харид қилиб, маҳаллий таом татиб кўриб, қишлоқ туризми хизматидан фойдаланиши лозим. Шунда туризм бир неча йирик объект эмас, бутун ҳудуд иқтисодиёти драйверига айланади.
Самарқанд олдидаги янги мақсад
Вилоятнинг “Самарқанд-2030” стратегияси ҳам айнан шу ёндашувга асосланган. Режага кўра, беш йил ичида вилоят иқтисодиётини икки баробар – 20,5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Айни жараёнда туризм, хизмат экспорти ва рақамли иқтисодиёт асосий ўсиш нуқталари сифатида белгиланган.
Стратегияда хорижий сайёҳлар сонини 7 миллион нафарга етказиш, уларнинг вилоятда қолиш муддатини ўртача 4 кун узайтириш ва туризм экспортини 1,5 миллиард долларга кўтариш вазифаси қўйилган. Бу мақсадлар соҳага муносабатдаги муҳим ўзгаришни англатади. Энди гап фақат “Қанча сайёҳ келди?” деган саволда эмас. Асосий мезон – “Сайёҳ неча кун қолди, қайси хизматлардан фойдаланди ва маҳаллий иқтисодиётга нечоғли қиймат олиб кирди” мазмунида баҳоланади.
Рақам ортидаги иқтисодий самара
Самарқанднинг бу борадаги салоҳияти рақамларда ҳам намоён бўлмоқда. 2022 йил вилоятга 1 204 000 хорижий, 4 247 000 маҳаллий сайёҳ келган. Туристлар қолиши муддатини узайтириш ҳам самара бермоқда. 2023 йил бир кунлик қўшимча қолиш ҳисобига хизмат экспорти 14 миллион доллар ошган. Келгуси йилларда ҳам ўсиш давом этиши кутиляпти. Тахминга кўра, 2025 йил 527,6 миллион долларни ташкил қилган туризм хизмати қиймати 2026 йил 632,2 миллион доллар, 2027 йилга бориб эса 745,9 миллион долларга етади.
Соҳада бандликни ошириш ҳам устувор вазифа. Туризмда ишловчилар сонини 7189, жойлаштириш воситаларини 681, ўрин сонини 18 869, туроператорларни 250, туристик қишлоқлар сонини эса 18 тага етказиш кўзда тутилган.
Самарқандга кириш эшиги янада кенгаймоқда
Туризмни ривожлантиришда транспорт қатнови ҳал қилувчи омиллардан бири. Шу нуқтаи назардан Самарқанд халқаро аэропорти имкониятидан янада самарали фойдаланиш режалаштирилган.
Хусусан, ҳафталик авиарейсларни 55 тадан 120 тага етказиш мақсад қилинган. Бу нафақат хорижий сайёҳлар учун Самарқандга етиб келиш имконини кенгайтиради, балки шаҳарни минтақавий туризм маркази сифатида янада мустаҳкамлайди. Замонавий туризмда тарихий мероснинг ўзи етарли эмас. Сайёҳ учун йўл, меҳмонхона, овқатланиш, кўнгил очар хизмат, рақамли қулайлик ва хавфсиз муҳит бир бутун маҳсулот сифатида намоён бўлиши керак.
Очиқ мулоқотнинг асосий қиймати натижада
Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ана шу жараёнда муҳим бир вазифани бажармоқда: соҳадаги муаммони аниқлашдан ечимгача бўлган жараёнда тадбиркорнинг овози эшитилмоқда. Ер ажратиш, имтиёзли кредит, солиқ енгиллиги, божхона тартиби соддалаштирилиши, хорижий сайёҳларни жалб қилиш учун субсидия – буларнинг ҳар бири алоҳида чора. Бинобарин, шу шартлар бир тизимга бирлаштирилгандагина барқарор иқтисодий натижага эришилади.
Самарқанд мисолида бу жараён яққол кўринади. Тарихий мерос туристни жалб қиляпти, янги инфратузилма меҳмоннинг қолиш муддатини узайтирмоқда, тадбиркор учун яратилган шароит эса оқимни иқтисодий қийматга айлантираётир.
Шу маънода Самарқандда ўтказилиши кутилаётган очиқ мулоқотни фақат тадбиркорлар билан навбатдаги учрашув сифатида баҳолаш ўринли эмас. Бу – туризмни янги босқичга олиб чиқиш, хусусий ташаббусни рағбатлантириш ва ҳудуд салоҳиятини иқтисодий ўсиш манбаига айлантириш бўйича кейинги қадамларни белгилаб берадиган муҳим майдон.
Шаҳар олдидаги вазифа энди сайёҳлар сонини оширишдан кўра муҳимроқ. Асосий мақсад – тарихий ва маданий бойликларни замонавий хизмат, инвестиция ва инновация билан уйғунлаштириб, юқори даромадли, экспортбоп ва рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш.
“Ипак йўли” халқаро туризм ва маданий мерос университети сифатида биз бу жараённинг таълим ва илмий тадқиқот билан узвий боғлиқлигини кўрамиз. Келажак туризми фақат янги меҳмонхона ёки йўналиш эмас, балки малакали кадр, замонавий бошқарув, илмий ёндашув ва халқаро ҳамкорликни ҳам тақозо этади.
Самарқанднинг кейинги қиёфаси айни омилларга боғлиқ. Очиқ мулоқот эса бу ўзгаришлар учун тадбиркорлик ташаббуси, давлат сиёсати ва амалий ечим бир нуқтада учрашадиган майдон бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Муҳсинжон Холмуҳамедов,
“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос
халқаро университети ректори,
иқтисодий таҳлилчи