Самарқанд тарихининг археологик харитаси итальян тилида яратилди
Италиянинг Болонья университети нашриёти томонидан таниқли ўзбек археологи Амриддин Бердимуродов ва италиялик археолог Симоне Мантеллининг “Ўрта Зарафшон водийсининг археологик харитаси. 1-жилд: Самарқанд шаҳри” номли фундаментал асари чоп этилди.
Мазкур китоб Самарқанд шаҳри ва воҳасидаги археологик меросни ҳужжатлаштиришга бағишланган йирик илмий лойиҳанинг биринчи жилди ҳисобланади. Асар оддий хариталар тўплами эмас. Унда кўп йиллик архив изланишлари, сунъий йўлдош тасвирлари ва замонавий ГИС технологиялари асосида тўпланган кенг қамровли маълумотлар жамланган. Китобда Самарқанд шаҳри ҳудудидаги археологик ва меъморий ёдгорликлар, тарихий ҳамда маданий объектлар тизимли тарзда акс эттирилган.

– Уч минг йиллик тарихга эга Самарқанд Зарафшон дарёси ҳавзасида жойлашган, қадимдан Марказий Осиёнинг муҳим тарихий-маданий шаҳарларидан бири бўлиб келган, – дейди Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти илмий ходими Амриддин Бердимуродов. – Буюк Ипак йўлининг йирик чорраҳаларидан бири бўлган ҳудудда турли цивилизациялар, динлар ва маданиятлар ўзаро учрашиб, бир-бирини бойитган. Бу жараёнлар натижасида воҳа ва шаҳарда кўплаб археологик ва меъморий ёдгорликлар, карвонсаройлар, қадимий суғориш иншоотлари ҳамда тарихий манзиллар шаклланган. Китобда бу масканлар ҳақида маълумотлар жамланган ва бу 2000 йилдан буён давом этиб келаётган Ўрта Зарафшон водийси археологияси бўйича Ўзбекистон ва Италия олимларининг ҳамкорлиги маҳсулидир. Тадқиқотлар давомида Самарқанд водийсидаги қадимий аҳоли манзиллари, суғориш тизимлари ва тарихий ландшафтнинг ривожланиш босқичлари ўрганилди. Бу изланишлар натижасида аввал номаълум бўлган кўплаб археологик ёдгорликлар аниқланиб, илмий муомалага киритилди.
Китобда ёдгорликларнинг жойлашуви, яратилган даври ва ҳажми каби маълумотларнинг аниқ келтирилгани тадқиқотчилар билан бир қаторда Самарқанднинг тарихий меросига қизиқувчи зиёратчилар ва сайёҳлар учун ҳам қулайлик яратади.
Нашрнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у Самарқанд тарихига кенгроқ нуқтаи назардан қараш имконини беради. Зеро, тарих фақат ҳашаматли саройлар ва улуғвор меъморий обидалардан иборат эмас. Оддий деҳқон уйлари, қадимий канал ўзанлари, карвонларнинг кўмилган излари ва бугун деярли унутилган манзиллар ҳам халқ ўтмишининг муҳим қисмидир.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири