Самарқанд марафонида тўрт карра Олимпиада, олти марта жаҳон чемпионлигига эришган спортчи қатнашади
Жорий йилнинг 7-8 ноябрь кунлари Самарқандда ўтказиладиган “Samarkand Marathon Series 2026” марафонида тўрт карра Олимпия ва олти марта жаҳон чемпионлигига эришган британиялик Мо Фара мусобақа амбассадори, яъни расмий вакил сифатида иштирок этади.
Тўлиқ исми Муҳаммад Муктар Жама Фара бўлган афсонавий енгил атлетикачи Олимпия ўйинлари, жаҳон чемпионатларидаги ғалабалари билан бир қаторда фаолияти давомида кўплаб марафонларда, Европа чемпионатларида, халқаро турнирларда рекордлар қайд этган.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Туризм қўмитаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилаётган марафон дастурига кўра, Мо Фара 7 ноябрь куни “Samarkand Marathon Series 2026” асосий саҳнасида иштирокчиларни қутлайди.
60 дан зиёд давлатлардан энг маҳоратли марафончилар иштирок этадиган бу галги “Samarkand Marathon Series 2026”нинг 8 ноябрь кунги марафон масофасига старт бериш вазифаси ҳам айнан Мо Фарага тақдим этилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, келиб чиқиши шарқий африкалик бўлган афсонавий спортчи Самарқанд марафонида ғолиб ва совриндорликка эришганларни тақдирлаш маросимларида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдан бери ташкил этиб келинаётган бу йилги “Samarkand Marathon Series” мусобақасида спортчилар 2, 5, 10, 21,1 ва 42,2 километр масофаларда рақобатлашади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА