Самарқанд 2001-2003: Мустақилликка ишонч уйғотган йиллар...
Истиқлолимизнинг 35 ёши арафасидаги ўйлар
Ҳуррият ҳақиқатлари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига раҳбар бўлган давр кўз олдимдан бир-бир ўтади.
Оғир замонлар эди. Одамлар қўрқув ва куч билан ушлаб туриларди. Вилоят ҳокими бўлиш жазоланиш, таъқиб, озодликдан маҳрум этилиш билан баробар эди.
Самарқанд вилоятини бошқариш ҳамма замонларда ўта мураккаб, зиддиятли, қарама-қаршиликлардан иборат бўлган.
Шавкат Мирзиёевгача ва ундан кейин то 2016 йилгача бирор-бир раҳбар Самарқанддан яхши ном билан кетмаган. “Самарқандча синдирилиш” ибораси беҳудага пайдо бўлмаган ахир.
Қаттол замон. Куч ишлатар тизимлар бошқарувни қўлга олган, қийин кунлар эди.
Шавкат Мирзиёев Самарқандга ўзи билан бирга қатъий сиёсий ирода, кучли бошқарув, масъулият, ишонч ва умид, меҳр ва оқибатни олиб келган эди.
Мустақиликка 10 йил бўлишига қарамасдан аҳвол ўта ночор, аҳоли турмуш даражаси паст, иқтисод фалаж. Бир сўз билан айтганда, мамлакат ҳам, одамлар ҳам боши берк кўчага кириб қолган эди.
Бунинг оқибатида одамларда эртанги кунга бўлган ишонч сўнган, умид ўлганди. Бировлар ҳатто эски даврни қўмсай бошлаганди. Мустақиллик деган муқаддас сўзга нисбатан ишончсизлик ҳолатлари пайдо бўлганди.
Тасаввур қилиб кўринг, мустақиллик деган ниҳол экилганига 10 йил бўлса-да, на мева, на соя беради. Лекин, одамлардан меҳнат талаб қилинарди. Меҳнатнинг ортидан ҳеч нарса келмасди.
Ўзбекистон Қаҳрамони, марҳум Ҳасан Нормуродов Самарқанд давлат университети талабалари билан учрашувда қуйидагиларни айтган эди:
- Шавкат Мирзиёев Самарқандга раҳбар бўлиб келган йилларда мамлакат миқёсида ёмон бир тенденция мавжуд эди. Бу маълум бир даврларда, бирор бир соҳани бошқарган, меҳнати сингган собиқ раҳбарларни жамиятдан узоқлаштиришдир. Бунинг натижасида қанчадан-қанча тажрибали, билимли, маҳоратли инсонлар четга чиқиб қолганди. Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти равнақи йўлида барчанинг бошини бирлаштирди. Бир мақсад атрофида жамлади. Самарқандда катта авлод тажрибаси, ёшлар куч-қудрати бирлаштирилди. Ёши улуғ инсонлар маслаҳатига амал қилинди. Бунинг натижасида ишлар юришгандан юришди. Муқаддас қадамжолар, азиз-авлиёлар, қабр-мақбаралари таъмирланди, ободонлаштирилди. Ҳали у пайтларда одамлар фақат рўзғор ташвишлари билан банд бўлган бир даврда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилди. Меҳнат фахрийлари, беморлар, ногиронлар ҳолидан хабар олиш тизими ишга туширилди. Мустақиллик эълон қилингандан кейинги ўтган ўн йил ичида биринчи марта самарқадликларнинг кўнгли хотиржам бўлди. Юзида табассум югурди. Рўзғорларига қут-барака энди. Деҳқон, ишчи-хизматчининг қадди кўтарилди. Ўшанда билганман, ҳаммаси раҳбарга боғлиқлигини. Шахслар барчасини ўзгартира олишига ишонганман. Самарқандликлар ўша кунларни ҳам Шавкат Мирзиёевнинг меҳр-эътиборини ҳам ҳеч қачон унутмайди...
Тарихда биринчи марта Самарқанд вилояти мактабларига, олий ўқув юртларига, шифохоналарига, вилоят раҳбари шахсан борди. Ҳа ташриф буюргани йўқ. Ҳақиқатни ўз кўзи билан кўриш, вазиятни ўзгартириш учун борди.
Шавкат Мирзиёев инсонлар ҳаёти, тақдири, саломатлиги, ўқишидай муҳим масалани ҳеч кимга ишонмасди. Ўзи бориб кўриб, хулоса чиқарарди, қарор қабул қиларди.
Менинг назаримда Самарқанд вилоятига раҳбар бўлганларни ҳеч қайси ҳудудларни Шавкат Мирзиёевдай билмаса керак. У бормаган бирон бир қишлоқ, маҳалла қолмаган.
Шавкат Мирзиёев энг оғир ҳудудларни яхши билар, биринчи эътиборни ўша манзилларга қаратарди. У Қўшработ ёки Ургут бўладими, Булунғур ёки Пахтачими, Нуробод... ҳаммаси ҳақида батафсил маълумотга эга эди.
Шавкат Мирзиёевнинг машаққатли меҳнатлари эвазига 10 йил деганда одамларнинг кўзларида умид учқунлари пайдо бўлганди. Ишонч туғилганди. Раҳбарнинг шахси, салоҳияти, нималарга қодирлиги билан одамлар юзма-юз келганди.
Руҳий касалликлар шифохонасига, Меҳрибонлик ёки Саховат уйига борган раҳбарни эшитганмисиз? Мен кўрганман. Шавкат Мирзиёев бу даргоҳлардаги аянчли аҳволни шахсан ўзи бартараф этган. Оғир вазиятдаги инсонларга қўл узатган.
Самарқанддаги манаман деган валломатлар ҳам биринчи раҳбарнинг иш услубига тан беришган, ҳисоблашишган.
Самарқанд вилояти шифохоналари ҳеч қандай дастурсиз, маблағсиз таъмирланиб 10 йил деганда биринчи марта тиббий жиҳозлар, дори-дармонлар берилган. Вилоятдаги бир қатор бинолар, шифохоналар тасарруфига ўтказилган.
Ҳамза Ҳамроев, Самарқанд давлат тиббиёт университети 1-сон ички касалликлар кафедраси мудири, тиббиёт фанлари номзоди, доцент:
- 2003 йилда мен Каттақўрғон тумани марказий шифохонасида даволаш ишлари бўйича бош врач ўринбосари лавозимида ишлардим. Каттақўрғонга Шавкат Мирзиёев келганлиги ҳақидаги хабарни эшитдим. Бош врач меҳнат таътилида бўлганлиги учун шифохонага келган вилоят раҳбарини мен кутиб олдим. Сал кам ярим асрлик меҳнат фаолиятим давомида борган жойида биринчи бўлиб, мактаб билан шифохонани кўрган бошқа раҳбарни билмайман. Мулоқот давомида мен у кишига туман марказий шифохонасининг биноси қурилиши 20 йилдан бери тўхтаб турганлигини айтдим. Шавкат Мирзиёев ўша жойнинг ўзида муаммонинг ечимини топди. Бугунги Каттақўрғон тумани марказий шифохонаси биноси шу тақлид барпо этилган эди. Ушбу учрашувдан кейин Шавкат Мирзиёев менга ишонч билдириб, бош врачлик лавозимига тайинлади. Шу ўринда яна бир ҳақиқатни айтиб ўтмоқчиман. 2001 йилгача уч юз мингга яқин аҳоли яшайдиган Каттақўрғон туманида битта эски ЭКГ аппарати бор эди. Бир кун ишласа, уч кун ишламасди. Шавкат Мирзиёев шифохонамизнинг ҳар бир бўлимига биттадан ЭКГ аппарати олиб берди. Ҳатто, 20 та қишлоқ врачлик пунктлари ҳам ЭКГ билан таъминланди. Шифохонада биргина наркоз аппарати бўлиб, у ҳам аллақачон ишлаш муддатини ўтаб бўлган эди. У янгисига алмаштирилди. Тумандаги бир қатор бинолар соғликни сақлаш бўлимига олиб берилди. Тиббиётдаги ислоҳотлар ҳам биринчи Самарқанд вилоятидан бошланганлигини алоҳида таъкидлашни истайман…
Мактаблар ўша даврнинг энг оғриқли нуқталари бўлган. 1991 йилдан бошлаб мактаб таъмирига давлат томонидан ҳеч қандай маблағ ажратилмаган. Ота-оналар эса ўзининг рўзғоридан ортмасди. Мактаблар энг қаровсиз, кераксиз биноларга айланиб борарди.
Людмила Шульга, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, "Дўстлик" ордени соҳиби:
- Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига раҳбарлик қилганида мен Пайариқ туманидаги 6-сон мактаб директори лавозимида ишлаганман. Мен 60 йиллик ўқитувчилик фаолиятим давомида таълим-тарбия соҳасига Шавкат Мирзиёев даражасида эътибор берган раҳбарни кўрмаганман. Ўшанда мактабларимиз хароба аҳволга келганди. Ўқитувчилар, муаллимлик касбини ташлаб кета бошлаганди. Шавкат Мирзиёев ўшанда мен ишлаган мактабга келиб, узоқ суҳбатлашган. Таълимдаги муаммолар ечими ҳақида мени фикрларим билан қизиққан. Муаммоларни чуқур ўрганган, таҳлил қилган. Мактабимиз 860 ўринга мўлжалланганини, лекин 2000 дан зиёд ўқувчи таҳсил олаётганини айтганимда, ёнимиздаги ҳарбий комиссариятни бошқа жойга кўчириб, унинг биносини мактабга олиб берганди. Ҳомийлар топиб, қўшимча бино таъмирланганди. Мактабга, муаллимга эътибор, ғамхўрлик Самарқанддан бошланган эди, дейишга тўла асосларим бор...
“Томи кетган” деган ибора бор. Мактабларнинг томлари тамом бўлган, ёғингарчилик пайтида томчи ўтиши одатий ҳолга айланганди. Аниқ биламан, Шавкат Мирзиёевнинг маънавий жасорати туфайли вилоятдаги 1000 га яқин мактабларнинг томи қайтадан ёпилган.
Тарихда биринчи марта мактабларга янги мебеллар, компьютер технологиялари кириб борди. Шавкат Мирзиёев мингга яқин мактабларнинг асосий қисмини шахсан ўзи бориб кўриб, зудлик билан чора-тадбирлар белгилади. Энг муҳими, бунинг учун маблағнинг ўзи бўлмаган.
Менинг назаримда Шавкат Мирзиёев учун энг яқин инсонлар, ўқитувчи, шифокор, олимлар бўлган. Ўшанда мен Шавкат Мирзиёевнинг мактаб ўқувчилари, талабалар, шифокорларни пахта қуллигидан қутқазиш кераклиги ҳақидаги гапларини эшитиб, тўғриси ишонмаганман.
Пахта қуллиги зулмидан халқимиз ҳеч қачон қутулмайди деб ўйлардим. Ишонаверинг у даврларда бу гапни айтиш уёқда турсин, эшитишга қўрқарди киши.
Вилоят раҳбарини олий ўқув юртига келиши, олимлар билан шахсан мулоқот қилиши, улар билан маслаҳатлашиши, фикрлашишини ҳам Шавкат Мирзиёев тимослида биринчи марта кўрганман.
Шавкат Мирзиёев илм-фан намояндаларидан ёрдам, таклиф ва мулоҳазалар сўрарди. Уларнинг фикларини инобатга оларди, қўллаб-қувватларди.
Самарқанд давлат университетига энг кўп келган раҳбар ҳам, қўшимча бинолар ажратган ҳам, профессор-ўқитувчилар билан учрашувлар ўтказган ҳам Шавкат Мирзиёевдир.
Шавкат Мирзиёев академик Ботирхон Валихўжаевни жуда қадрларди, ҳурмат қиларди. Домла Университет хиёбонидан Регистондаги уйига пиёда кетаётганида Шавкат Мирзиёев бир неча марта хизмат машинасидан тушиб олим билан мулоқот қилган. Ботирхон Валихўжаевга вафотидан кейин “Буюк хизматлари учун” ордени берилиши ташаббускори ҳам Шавкат Мирзиёев бўлган. Бу меҳр-эътибор олим оламдан ўтгандан кейин ҳам унинг оиласига кўп бор кўрсатилиб келинмоқда.
Хадича Вафоева, меҳнат фахрийси:
- Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятида ишлаган кезларда менинг турмуш ўртоғим, марҳум Ботирхон Валихўжаев билан маслаҳатлашар, суҳбат қурар, жуда ҳурмат қиларди. Ҳаётлик вақтларида кўп ғамхўрликлар кўрдик. Энг муҳими, бу эътибор домла дунёдан ўтганидан кейин ҳам давом этмоқда. Маънавий ва моддий кўмак учун Президент Мирзиёевга чексиз миннатдорлик билдираман. Бир воқеани эслагим келди. 2017 йилда Самарқанд шаҳрида трамвай йўлининг очилиш тадбирига мени ҳам таклиф қилишди. Маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан учрашдим. Ушбу мулоқот давомида ҳам мамлакатимиз раҳбари домлани эслади. Оиламиз, яшаш шароитимиз билан қизиқди. Эртаси куни вилоят мутасаддилари Президент совғаси бўлган машинани менга топширишди. Мана инсон қадри, марҳум зиёли олимнинг оиласига ҳурмат. Қолаверса, Президентимиз топшириғига биноан вилоят ва шаҳар ҳокимлари менинг ва фарзандларим ҳолидан доимо хабардор бўлиб туришади, домлани хотирлаб келишади. Бунинг учун миннатдорман.
Шавкат Мирзиёевнинг ёнида Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Нурмамат Абдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган халқ таълими ходими Иброҳим Раупов, таниқли соғлиқни сақлаш ташкилотчиси Шодиёр Бегимқулов... каби зиёлилар доимо бўлган.
Наргиза Абдуллаева, Самарқанд давлат тиббиёт университети даволаш ишлари бўйича проректори, 1-клиника бош врачи, тиббиёт фанлари доктори, профессор:
- Менинг отам Нурмамат Абдуллаев 1993-2019 йилларда Самарқанд давлат тиббиёт университети 1-клиникаси бош врачи лавозимида фаолият кўрсатган. Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятида раҳбар бўлган йилларда отамни ҳам шифокор, ҳам олим, ҳам инсон сифатида жуда қадрлаган. Клиника моддий техник базасини яхшилашга кўмаклашган. Отам тиббиёт ходимига бундай ғамхўрлик қилган раҳбарни кўрмаганман, деб айтарди. У кишини меҳридан қувват оларди. Шавкат Мирзиёев отамга то умрининг охиригача эҳтиром кўрсатди, эъзозлади. Отамга “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими” унвони ва “Фидокорона хизматлари учун” ордени берилишида ҳам Шавкат Мирзиёевнинг хизмати катта. Ўзбекистонда бугун инсон ҳаётлигида ҳам, оламдан ўтганидан сўнг ҳам эсланади, хизматлари эътироф этилади...
Шавкат Мирзиёев самарқандликлар қалбида маърифатпарвар, маънавияти юксак раҳбар сифатида намоён бўлади. У киши вилоятнинг олим-у уламоларига, шоир ва адибларига, журналистларига, санъат аҳлига ниҳоятда эътиборли бўлган.
Самарқандга Шавкат Мирзиёев билан бирга якдиллик, аҳиллик, ҳамжиҳатлик, ўзаро ҳурмат туйғулари кириб келган эди.
Шавкат Мирзиёев собиқ тузим, мустақиллик даврида чала қолган, қурилмай ташлаб қўйилган шифохона, мактаб, мактабгача таълим муассасаси бўладими, барчасининг қурилиши учун маблағ топиб, битказиб халқимиз ихтиёрига топширган эди.
Буюк мутафаккир Абдурауф Фитрат тўғри таъкидлаганидек: “Миллат учун нондан сўнг энг муҳими мактабдир.” Буюк жадид мактабни беҳудага нондан кейинги ўринга қўймаган.
2001 йилгача 3-4 йил Самарқанд вилоятида қирғоқчилик бўлган. Бунинг оқибатида чорасиз қолган раҳбарлар. Мактаб ўқувчиларига “ғалла солиғи” солишганди. 1-синфлар 1 кг., 2-синфлар 2 кг. буғдой олиб келиб, давлатга топширган.
2001 йил серёғин бўлиб, деҳқончилик бароридан келди.
Шавкат Мирзиёев тарихда биринчи марта режадан ташқари бўлган ғаллани фермернинг ўзига берди. Одамларнинг уйи ғаллага тўлди. Одамларда давлат ва мустақиллика бўлган ишонч пайдо бўлди. “Ғалла солиғи” деган мудҳиш тарихлар ҳам унутилди. Айниқса, қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражаси ошди.
Самарқанд вилояти пахта, ғалла етиштириш режасини мамлакатда биринчилардан бўлиб уддалади. Ҳеч кимга сир эмаски, ўша пайтда иқтисод айнан қишлоқ хўжалигига боғланганди. Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳрида, туман марказларида бир қатор иншоотларни барпо этди. Тўғрисни айтганда, ўшанда янги бинолар қурилиши одамларнинг тушига ҳам кириб чиқмасди. Ҳамма қорин ғамида эди.
Мен 1991 йилдан кейин, 2001 йилга келиб одамларнинг қалбида шижоат, уйғонганига гувоҳ бўлганман.
Мустақилликдай муқаддас туйғу тақдири номаълум бўлиб турган йилларда мустақилликка ишонч уйғотган шахс, Янги Ўзбекистон меъмори Шавкат Мирзиёевга самарқандликларнинг алоҳида меҳрини, муҳаббатини айтгим келади.
Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига 2 йилу, 3 ой, 6 кун раҳбарлик қилди. Тарих учун бу давр ниҳоятда қисқа. Имоним комилки, мана шу вақт ичида Шавкат Мирзиёев ўзи учун 1 кун ҳам яшагани йўқ.
Шавкат Мирзиёев ўшанда бутун ҳаётини, ёшлик, куч қудратини Самарқандга, самарқандликларга бахшида этган эди.
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.