Самарқанд – янги истеъдодлар кашф этиладиган манзил
Самарқандда “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали иштирокчиларининг танлов дастури якунланди.
“Шарқ тароналари – 2019”
Самарқандда “Шарқ тароналари” XII халқаро мусиқа фестивали иштирокчиларининг танлов дастури якунланди.
ЎзА мухбири фестиваль меҳмонларининг фикрлари билан қизиқди.

Куо Ли МИН,
фетиваль меҳмони (АҚШ):
– Бу йилги фестиваль сценарийси, иштирокчилар кўплиги, дастурнинг мазмунан бойитилгани билан ажралиб турди. Ижрочилар ўртасида ёшларнинг кўплиги, рақсларнинг ранг-баранглиги эътиборга молик.
Тадбир очилишида Президент Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади ва мусиқа санъатини оммалаштириш истагида бўлган истеъдод эгаларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Бу Ўзбекистонда санъат ва маданиятга бўлган юксак эътибордан дарак.
Иштирокчилар чиқишларида ўз давлатлари тарихий куй-қўшиқлари, урф-одатларидан намуналар ижро этди.
Ўзбекистонлик ёш истеъдод эгаси Меҳринигор Абдурашидова томонидан ижро этилган “Роҳатижон” мусиқаси менга манзур бўлди.
Шарқ халқлари маданияти, тарихига қизиқишим юқори. Бундан бир неча йил муқаддам Марказий Осиё ҳақида китоб ёзган эдим. Унда Ўзбекистон маданияти, тарихи, урф-одатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Хитой тилида нашр этилган “Буюк ипак йўлининг юраги – Ўзбекистон” номли китобим эса бевосита Ўзбекистонга бағишланган. Ҳозирги кунда китобни инглиз тилига таржима қиляпман. “Шарқ тароналари“ фестивалида олган таассуротларим ушбу китобни мазмунан бойитишга хизмат қилади.

Минна ҲУСКОНЕН,
фестиваль меҳмони (Финландия):
– Мусиқа соҳасида менежер сифатидаги йигирма йиллик фаолиятим доирасида кўплаб мусиқий гуруҳлар билан ҳамкорлик қилганман. Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, янги истеъдод эгалари ана шундай мусиқа фестивалларида кашф этилади.
Халқаро фестивалларнинг бирида ўзбекистонлик созандаю хонандаларнинг чиқишларига гувоҳ бўлдим. Улар ижро услуби ва маҳорати мени ўзбек куй-қўшиқларини яқиндан ўрганишга ундади. “Шарқ тароналари“га келишимга ҳам айни шу қизиқиш сабаб бўлди.
Танлов дастури уч кун давом этди. Унда ижро этилган куй-қўшиқлар завқи мен туйган энг ёқимли ҳислардан.
“Ҳатан” мусиқий жамоаси Европада ижод қилаётган мўғулистонлик ягона хотин-қизлар гуруҳи экан. Жамоа танловда машҳур мўғул миллий қўшиқларини чолғу асбоблари жўрлигида куйлади. Менга манзур бўлди. Уларнинг куйни бўғизда ижро этиш маҳорати таҳсинга лойиқ.
Бугун танлов натижалари эълон қилинади. Регистон майдони, “Шарқ тароналари” яна бир карра ғолиблар ва маҳорат соҳибларининг зафарли одимлари сари пиллапоя бўлиб хизмат қилади. Янги истеъдодлар кашф этиладиган манзил бўлиб қолади.