Саҳнада тарих ва хотира сабоқлари
Андижон давлат техника институтида ўзбек миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, атоқли шоир, носир, драматург, тилшунос ва жамоат арбоби Абдурауф Фитрат ҳаёти ва ижодига бағишланган “Саҳна асарлари танлови” ўтказилди.
“Хотира ва тарбия” шиори остида ташкил этилган танловда институт факультетларининг талабалар театр студиялари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад миллий тарих ва маънавий меросни ёш авлод ўртасида кенг тарғиб қилиш, буюк аждодлар ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганишга қизиқишни ошириш, талабаларнинг ижодий қобилияти ва саҳна маданиятини ривожлантиришдан иборат.
Талабалар саҳна кўринишлари орқали Абдурауф Фитратнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти, миллий уйғониш ғоялари ҳамда жадидчилик ҳаракатидаги ўрнини ёритишга ҳаракат қилди. Саҳна асарларида тарихий воқеалар мазмун-моҳиятини очиб бериш, образларни ишонарли талқин этиш ва бадиий ечимларга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-31799]
Иштирокчиларнинг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан асарнинг мазмун-моҳияти, драматургик ечими, режиссураси, актёрлик маҳорати, саҳна безаги, либос ва мусиқий уйғунлиги ҳамда таъсирчанлиги каби мезонлар асосида баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, Иқтисодиёт ва бошқарув факультети жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Автомобилсозлик ва транспорт факультети ҳамда Қурилиш муҳандислиги ва электроэнергетика факультети жамоалари кейинги ўринларга муносиб деб топилди.
Танловнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, мазкур ташаббус бир марталик тадбир сифатида эмас, балки мунтазам давом эттириладиган ижодий лойиҳа сифатида йўлга қўйилган. Лойиҳанинг кейинги босқичларида ҳар ой “Хотира ва тарбия” шиори остида сиёсий қатағон қурбонларининг ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна асарлари намойиш этилади.
Бундай ижодий жараёнлар талабаларга саҳна маҳоратини намоён этиш баробарида, миллий тарихнинг мураккаб ва муҳим даврларини ўрганиш, аждодлар хотирасини эъзозлаш, уларнинг илмий-маърифий ва адабий меросини кенг тарғиб этиш имконини беради.
Зуҳриддин УМУРЗОҚОВ (сурат), ЎзА