Саҳнада порлаган ёш истеъдодлар
Саҳна бу нафақат ижро, балки қалбнинг тили, руҳнинг таржимонидир. Шу маънода юксак маънавият, ижодий руҳ уйғунлиги ҳамда ҳақиқий ижод майдонига айланган “Турон” театр танлови кўплаб ёш истеъдод соҳибларини ва театр жамоаларини кашф этмоқда.
“Турон” театр танловининг республика босқичи бу йил ҳам юксак савияда, ҳақиқий санъат байрами сифатида бўлиб ўтди.
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент, ижод, спорт ҳамда ихтисослаштирилган мактаб ва мактаб-интернатлар ўқувчилари жамоалари ўртасида ўтказилган ушбу нуфузли танлов ёш истеъдодлар учун катта саҳналарга қўйилган илк қадам бўлди. Танловда қатнашган ҳар бир жамоа ўзининг жамиятдаги жараёнларга қарашлари, муносабатлари, дилидаги туйғуларини саҳнада тўлақонли ва ишонарли намоён этишга интилди.

Танловнинг якуний натижалари эълон қилинган онлар эса жуда ҳаяжонли кечди. “Zamin Creative” инклюзив театр студияси жамоалари ўртасида ўтказилган танловнинг мамлакат босқичида Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчилар жамоаси 1-ўринни қўлга киритди. Бу мактаб ижодий жамоасининг нафақат ютуғи, меҳнати, изланиши, интилишлари эътирофи, самараси, қолаверса, ҳақиқий иқтидор ва салоҳиятнинг намойиши бўлди.
Мактаб театр жамоаси Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тохир Маликнинг “Алвидо болалик” асари асосида саҳналаштирилган спектакль орқали ёш ижодкорлар инсон тақдири, болалик ва ҳаётнинг оғир синовлари ҳақидаги чуқур фалсафани юракдан ҳис этиб, томошабинларга етказиб бера олди.

Саҳнадаги ҳар бир ҳаракат, ҳар бир нигоҳ, ҳар бир сўз – бу шунчаки ижро эмас, балки қалбдан чиққан нидо эди. Образлар шу қадар табиий ва ишонарли ифодаландики, гўёки томошабинлар саҳнада эмас, ҳаётнинг ўзидаги воқеаларга гувоҳ бўлаётгандек ҳис қилдилар.
Ҳакамлар ҳайъати томонидан ҳам жамоанинг саҳна маданияти, актёрлик маҳорати ва асар моҳиятини чуқур англаб етган ҳолда намоён эта олганини алоҳида таъкидланди. Айниқса, жамоавий уйғунлик, якдиллик ва жипслик уларнинг чиқишида яққол сезилиб турди.

Ушбу ютуқ нафақат таълим муассасасининг, балки бутун андижонлик ижодкор ёшларнинг ютуғидир. Зеро, бундай ютуқлар ёшларимизни руҳлантириш билан бирга, ёш авлоднинг, миллатнинг маънавий юксалишида муҳим ўрин тутади.
Сардор Сирожиддин,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
ЎзА.