“Саҳифаларга сочилган сабоқлар”
Таниқли археолог, тарихчи олим ва ёзувчи Амриддин Бердимуродов ўзининг эсселар, суҳбатлар ва публицистик мақолалардан иборат янги “Саҳифаларга сочилган сабоқлар” китобини қадим Шарқнинг энг кўҳна шаҳарларидан бири, ер юзининг сайқали бўлмиш Самарқанднинг 3000 йиллигига бағишланади, деб ёзади дебочада.
“Саҳифаларга сочилган сабоқлар”ни шартли равишда тарихдан сабоқлар деб номлашимиз ҳам мумкин.
Китоб ўзида Самарқанд шаҳри ва юртимиз тарихининг турли даврларини акс эттирган ажойиб эсселар, ғаройиб суҳбатлар ва публицистик мақолалар жамлангани билан қадрли. Ундаги юртимизга бостириб келган Алексадр Македонский, Чингизхон ва Оқ подшо қўшинларига қарши эрк жангига отланган қаҳрамон аждодларимиз ҳақидаги ибратли ҳикоялардан кўнглингиз тоғдек кўтарилади.
Амир Темур ва темурийлар даврида қадим Туронзаминда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, юксак илм-фан, санъат-маданият, Темурийлар ренессанси ҳақида қизиқарли маълумотлар ҳам эътибордан четда қолмайди.
Китоб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ушбу сўзлари билан бошланади:
“Самарқанд шаҳри азалдан цивилизациялар, халқлар ва маданиятлар мулоқоти маркази бўлиб келган”.
Ушбу юксак эътироф ва машҳур француз шарқшуноси Жон Пол Рунинг: “Самарқанд, авваламбор, афсона ва ривоятлар шаҳри, у ибодатхонага монанд, муқаддас маскан. Бу шаҳарда қадим-қадимларда Александр Македонскийдан анча илгари Фирдавсий ўз “Шоҳнома”сида куйлаган ва турклар ўзларининг бош қаҳрамони дея ҳисоблайдиган Афросиёб яшаган. Орадан анча вақт ўтгач, бу ерга Пайғамбарнинг амакваччаси Қусам ибн Аббос келган” сўзлари бу улуғ шаҳар ёшини ва китоб мундарижасини ифодалаб, безаб тургандек.
“Саҳифаларга сочилган сабоқлар” V бобдан иборат.
“Истиқлол насимидан илҳомланиб...” номли I боб “Авваламбор, қаёққа боришингни мўлжаллашингдан олдин қаердан келганлигингни билишинг керак” дегувчи халқ ҳикмати билан бошланади.
Унга кирган эссе ва мақолалар сарлавҳасига эътибор беринг: “Топталган мерос”, “Улуғларимизни қачон улуғлаймиз?”, “Мероснинг қайтариш – ишнинг ярми...”, “Ўтмиш ва келажак ўртасидамиз”, “Бировга чоҳ қазисанг...”.
II боб “Искандардан Чингизхонгача” деб номланади. “Осиё гўзали”, “Искандарнинг шохи бормиди?”, “Спитамен қизининг қисмати...”, “Спитамен ва Клеопатра”, “Хоинона ўлдирилган хоқон”, “Ҳажга бормай ҳожи бўлган вазир”, “Ёв яловин қайирган шайх”... ҳақидаги нодир маълумотлар жамланган эссе ва мақолалар бор.
III боб “Амир Темур ва темурийлар тарихи” деб номланади. Унда “Жаҳонгир”, “Соҳибқироннинг олтин ҳайкали”, “Амир Темурнинг аёлларга муносабати”, “Амир Темурнинг хазинаси қаерда?”, “Соҳибқирон Москвага борганми?”, “Афсона қобиғидаги туҳматлар”, “Амир Темур – Мустақиллик рамзи” сингари мақолалар жой олган.
IV боб “Икки бошли бургут ҳамласи” деб номланади. “Иттифоқсизликдан келган фалокат”, “Ажалини ахтарган рассом”, “Фон Кауфмандан қолган маросим”, “Оқ подшонинг “марҳамати”, “Хотирамизнинг умри қисқами?” каби мақолалардаги аччиқ ҳақиқатлар учқуни қалбингизни куйдиргандек бўлади.
V боб эса муаллифнинг турли мавзуларда битган мақолаларидан иборат...
Жами беш бобда жам бўлган ҳикоялар – “саҳифаларга сочилиб кетган сабоқлар” миллат руҳини кўтаришга қанчалар чўнг хизмат қилиши мумкинлигини мутолаа жараёнида қалб-қалбдан ҳис қиласиз.
“Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев мамлакатга бош бўлганининг илк куниданоқ халқимизни алломаларимиз меросидан баҳраманд қилишга киришди. Ҳар бир вилоят ва туманда мутафаккирлар қўним топган жойлар ободонлаштирилиб, уларнинг асарлари қайта нашр этилди. Биргина Самарқанднинг ўзида кейинги 7-8 йил ичида юздан зиёд алломанинг мероси халққа туҳфа этилди” деб ёзилади китобда.
Амриддин Бердимуродовнинг янги китоби қадим Самарқанднинг шонли ўтмиши – булутли ва нурли йўлларини ҳаққоний акс эттиргани билан ўқувчи эътиборини ўзга тортади. Китобни, албатта, ўқинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА