Сабантуй байрами миллатлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлади
Мирзо Улуғбек номидаги Тошкент шаҳар Марказий боғида Тошкент шаҳар Татар жамоатчилик маданий-маърифий маркази, А.З. Валидий номидаги Тошкент шаҳар Бошқирд жамоат-маданий маркази ҳамда Миллатлараро муносабатлар қўмитаси ҳамкорлигида татар ва бошқирд халқларининг миллий байрами – Сабантуй кенг нишонланди.
Асрлар давомида меҳнатсеварлик, бирдамлик ва дўстлик тимсоли бўлиб келаётган ушбу байрам Ўзбекистонда турли миллат вакилларининг маданий мероси ва анъаналарини асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш учун яратилган имкониятларнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.
Байрамнинг тантанали очилиш маросимида Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси Қаҳрамон Сариев иштирокчиларни қутлаб, мамлакатимизда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, барча миллат ва элатларнинг тили, маданияти ва урф-одатларини сақлашга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Тадбирда дипломатик корпус вакиллари, миллий маданий марказлар раҳбарлари, жамоатчилик фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда кўп сонли меҳмонлар қатнашди.
Байрам доирасида миллий қўшиқ ва рақслардан иборат концерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, кураш, армрестлинг, тош кўтариш, камондан ўқ отиш каби спорт мусобақалари, арқон тортиш, қоп ичида югуриш, қошиқда тухум олиб югуриш сингари халқ ўйинлари ташкил этилди.
Миллий ҳунармандчилик ва халқ амалий санъати кўргазмалари, маҳорат дарслари ҳам меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Миллий таомлар фестивалида қуймоқ, бешбармоқ, ўзбек палови ва бошқа анъанавий таомлар тайёрлаш жараёнлари намойиш қилинди.
Сабантуй байрами миллатлар ўртасидаги дўстлик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини янада мустаҳкамлаб, Ўзбекистондаги бағрикенглик ва аҳиллик анъаналарининг ёрқин ифодасига айланди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА