Руминиядаги нуфузли турнирда Синдоров совриндор бўлди
Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида 9 та турдан иборат “Superbet Chess Classic Romania 2026" халқаро турнирининг ғолиб ва совриндорлари аниқланди.
Деярли 10 кун давом этган нуфузли турнир ҳар жиҳатдан қизиқарли, кутилган ва кутилмаган воқеаларга бой бўлди.
Турнирда Жаҳон шахмат тожига даъвогар саналган ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоровнинг қатнашгани ташкилий қўмита томонидан бот-бот эътироф этилди ва бу, Руминия мусобақаларига халқаро шахмат элитасининг эътибори янада ортишига хизмат қилди.

Ҳамюртимиз, маҳоратли шахматчимиз Синдоров учун ушбу турнир у қадар аҳамиятли мусобақа бўлмаса-да, мақсад мусобақалар давомида тажриба орттириш, ўйин кўникмасини бойитиш эди. Шу сабаб, турнирнинг илк турларида Жавоҳир у қадар ғалаба йўлида кураш олиб бормади. Аксинча, тактик-техник юришлар, янгича ёндашувларни синовдан ўтказди. Ушбу ҳолат кўрсаткичларга таъсир ўтказмай қолмади.
Натижада 6-тургача бўлган ўйинларда бирон марта ҳам ғалаба қозонмади. 1 та мағлубият, 5 та дуранг қайд этилди. 7 ва 8-турларда Винсент Каймер ва Жорден ван Форестни таслим этиши, 9-турда АҚШ вакили Уэсли Со билан муроса йўлини танлаши оқибатида Синдоров мусобақани 3-ўринда якунлади.
Мукофот жамғармаси 475 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг сўнгги турида германиялик Винсент Каймер оқ доналарда нидерландиялик Жорден ван Форестни мағлуб этиши туфайли очколари сонини 6 тага етказган ҳолда ғолиблик шоҳсупасига кўтарилди ва 131,250 минг АҚШ долларига эга чиқди.

Ўз навбатида, қора доналарда франциялик Максим Вашье-Лаграв билан дурангга эришган Фабиано Каруана 2-ўриндан жой олиши натижасида 85,833 АҚШ доллари миқдордаги пул мукофотини қўлга киритди.
Охирги турда очколарни тақсимлаб олган Синдоров ва Со 3-ўринни банд этиши асносида 63,333 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти соҳиблари бўлди.
Т.Рўзиев, ЎзА