Россия Арманистондан келган 64,5 миллион шиша минерал сув сотилишини тақиқлади
Куни кеча Россия Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати – “Роспотребнадзор” “Ҳалол белгиси” давлат ёрлиғи тизими идорасига Россияда 64,5 миллион шиша “Жермук” арман минерал суви сотилишини тўхтатиб туриш бўйича кўрсатма берди.
Янги жўнатмани қамал қилиш буйруғи 2026 йил 28 майдан кейинги хабарномагача кучида туради. Агентлик мазкур тақиқ техник қоида бузилиши билан боғлиқлигини таъкидлаган. Ушбу сув таркибида бикарбонат, хлорид ва сульфат ҳаддан ташқари миқдорда экани аниқланган. “Роспотребнадзор” айни ҳолат сувнинг доривор хусусияти ҳақида нотўғри тушунча ҳосил қилиб, саломатликка салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини қўшимча қилган.

Аввалроқ “Россельхознадзор” Арманистондан “жўнатилган маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли қоида ишлаб чиқилгунга қадар” янги мева ва сабзавот импортига вақтинча чеклов жорий этгани ҳақида хабар тарқатилган эди. Тақиқланган маҳсулотлар рўйхатига помидор, бодринг, қалампир, кўкат ва қулупнай киритилган. Қарор 30 майдан кучга кириши айтилган. Бу қарор Россияга Арманистон маҳсулотлари етказилиши ва фито санитария хавфсизлиги таъминланишида қоидабузарлик кўпайиши ортидан чиқарилган.
Бундан ташқари “Россельхознадзор” Арманистоннинг ваколатли агентлиги “илгари аниқланган қоидабузарликлар бўйича тегишли чоралар кўрмагани”ни таъкидлади.

Арманистонда яқинда бўлиб ўтадиган парламент сайлови куни яқинлашган сари мамлакатнинг Россия билан муносабати таранглашмоқда. Бунга мамлакатнинг ҳозирги ҳукумати Европа Иттифоқи билан ҳамкорликка интилаётгани сабаб бўлмоқда. Умуман, сўнгги пайт Россия ва Арманистон дипломатик мулоқот ва визасиз муносабатни сақлаб келаётгани, икки мамлакат иқтисодий ва транспорт алоқалари фаоллигича қолаётганига қарамай, энди вазият жиддий ўзгариши кутилмоқда. Ереван Ғарб мамлакатлари билан ҳамкорликни ривожлантириш орқали хавфсизлик тизимини фаол равишда диверсификация қилмоқда.
Россия сиёсатчилари Арманистон ҳам ЕИга қўшилиши, ҳам Евросиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилотида иштирок этишини Ереванинг бир йўла “икки стул”га ўтириши сифатида баҳоламоқда. Куни кеча худди шу масалада РФ Президенти Владимир Путиннинг баёноти эълон қилинди:
– Украинадаги инқироз ҳозир Арманистонда содир бўлаётган воқеаларга ўхшаш бошланганди. Агар ЕИ стандартини қабул қила бошласа, ушбу давлат билан интеграцияни объектив равишда чеклаш лозим бўлади. ЕОИИ тузилмасидан чиқиш арманистонлик мигрантлар учун стандарт талаб қўлланишига олиб келади. Қолаверса, мамлакатга сотилаётган энергия нархи кўтарилиб, республика ялпи ички маҳсулотнинг 14 фоизини йўқотади.
С.Раҳимов, ЎзА