Роналду мундиал билан хайрлашди, Испания ва Бельгия чорак финалга йўл олди
Футбол бўйича Жаҳон чемпионати нимчорак финал баҳслари яна бир неча муҳим воқеалар билан ёдда қолди. Испания Португалияни мағлуб этиб, чорак финалга чиқди, Бельгия эса АҚШ устидан йирик ҳисобда зафар қучди.
2026 йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати тобора ҳал қилувчи паллага кириб бормоқда. Чемпионатнинг нимчорак финал баҳслари яна бир қатор сенсация ва драматик воқеаларга бой ўтди. Куннинг энг марказий тўқнашувида Европа футболидаги азалий рақиблар — Испания ва Португалия терма жамоалари ўзаро тўқнаш келди.
Техаснинг Арлингтон шаҳрида бўлиб ўтган баҳс узоқ вақт давомида муросасиз кураш остида кечди. Майдондаги тенглик барчага қўшимча бўлимлар эҳтимолини эслатаётган бир пайтда, испанлар яна бир бор ўзининг ғалабага интилиш характери ва босимли ўйинини намоён қилди. Учрашувнинг 90+1-дақиқасида Микел Мерино томонидан киритилган гол Португалиянинг мундиалдаги юришини тўхтатди.
Бу мағлубият Криштиану Роналду учун ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Афсонавий ҳужумчи мазкур чемпионат унинг сўнгги мундиали эканини мусобақа олдидан маълум қилган эди. Демак, жаҳон футболи тарихида ўчмас из қолдирган футболчининг мундиалдаги саҳифаси айнан нимчорак финалда якунланди.

Испания эса рақамларда ҳам рақибларидан устунлигини намоён этмоқда. Дарвозабон Унаи Симон Жаҳон чемпионатлари тарихида голсиз ўтказган дақиқалари сонини 609 дақиқага етказди. Эътиборлиси, "қизил фурия" 2026 йилги мундиалда ҳалигача ўз дарвозасидан бирорта ҳам гол ўтказмаган ягона жамоа бўлиб қолмоқда. Бундай ҳимоявий барқарорлик Испанияни чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири сифатида кўрсатмоқда.
Куннинг иккинчи учрашувида эса Бельгия АҚШни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, чорак финал йўлланмасини қўлга киритди. Шарль Де Кетеларенинг дубли, Ҳанс Ванакен ва Ромелу Лукакунинг голлари европаликларга ишончли ғалабани таъминлади.
Энди чорак финалда Испания ва Бельгия ўзаро тўқнаш келади. Бу баҳс нафақат кучли ҳужум чизиғи, балки турнирнинг энг ишончли ҳимояси синовдан ўтадиган қарама-қаршилик сифатида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Шу билан бирга, нимчорак финал босқичида ҳали яна икки йўлланма ўз эгасини кутиб турибди. 7 июль куни Аргентина Миср билан, 8 июлга ўтар кечаси эса Швейцария Колумбия билан баҳс олиб боради.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА