"Ректорлар мактаби” дастури йўлга қўйилади
“Янги Ўзбекистон” университетида “Ректорлар мактаби” дастурини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2026 йил 1 июлдан “Янги Ўзбекистон” университетида давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодларни тайёрлаш бўйича “Ректорлар мактаби” дастури йўлга қўйилади.
Дастур давлат олий таълим ташкилотлари ректори (директори) лавозимига номзодлар захирасини шакллантириш мақсадида ташкил этилади.
Дастур доирасида 30 ёшга тўлган, камида магистр академик даражасига эга, олий таълим соҳасида камида 5 йиллик иш тажрибасига эга, шу жумладан, 2 йил раҳбарлик лавозимларида ишлаш каби мезонларга мос келувчи шахслар очиқ танлов асосида ўқишга қабул қилинади.
Дастур тингловчиларида академик, молиявий, илмий ва инновацион бошқарув, сунъий интеллект ва рақамлаштириш, стратегик бошқарув ва трансформация йўналишларидаги билим ва кўникмалар ривожлантирилади.
Дастурнинг ўқув жараёнлари масофавий (онлайн) ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (оффлайн) 6 ойгача бўлган муддатда ташкил этилади. Дастурга ҳар йили 80 нафар тингловчи қабул қилинади.
Дастур якунлари бўйича энг яхши натижа кўрсатган 40 нафаргача тингловчи Гарвард университети (АҚШ) ва (ёки) бошқа хорижий нуфузли олий таълим ташкилотларига малака оширишга юборилади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА