Разведка ва Иккинчи жаҳон уруши...
Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва қаҳрамонларини табриклаймиз, уларнинг жанг майдонларида кўрсатган ботирларча хатти-ҳаракатларидан ғурурланамиз. Фронт ортида қилган фидокорона меҳнатлари учун ота-боболар, момоларимиз хотираларини доимо ёд этамиз.
Иккинчи жаҳон урушининг қандай бошланиб, нима билан тугагани тўғрисида кўп ва хўп ёзилди. Бу мавзуда ўзбек матбуотида ҳали эълон қилинмаган қизиқарли маълумотлар ҳақида суҳбатлашиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Фахрий кенгаши аъзоси, истеъфодаги полковник, разведкачи Худойберди Соҳибов билан учрашдим. Устоз мавзунинг янги қирраларини топиш учун анча вақт сарф этганликларини яшириб ўтирмади:

- Рост гап ҳам шу. ДХХ ва республика давлат архивларида ишлаган давримда кўп маълумотлар тўплаганман, аксариятидан китоб чоп этиш пайтида, хусусан, ўзингиз билан бўлган аввалги бир неча суҳбатларда фойдаланганман.
Янги гап айтиш учун уч-тўрт ой мобайнида яна шахсий архив ҳужжатларимни титдим, қирқ-эллик йиллик сарғайиб кетган газета-журналларни қайта қўлга олдим. Уруш мавзуидаги китобларни такрор кўриб чиқдим.
- Худойберди Соҳибович, Сиз бой маълумот соҳибисиз, нима деб ўйлайсиз, бу урушнинг олдини олиш мумкин эмасмиди?
- Гитлернинг Германия ҳукуматига раҳбар бўлиб келганидан сўнг ўтган асрнинг 30-йилларида Европа мамлакатлари ҳарбий соҳада ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш чораларини кўра бошлайдилар. Собиқ Иттифоқ ҳам чегарадош давлатлар билан ҳамкорликка интилгани мисолини айтишимиз мумкин. Хусусан, Финландия, Югославия, Скандинавия мамлакатлари шулар жумласидандир. Коммунистик партия етакчиси, уруш бошланиши арафасида ҳукуматга раислик қила бошлаган Сталин ҳам мудофаа саноатини ривожлантириш, ҳам Ғарб билан мўътадил муносабатларни сақлаб туришга интилди.
Маълумки, Ғарбнинг Совет Иттифоқига нисбатан душманлик амаллари тўғрисидаги асосий маълумотларни разведка идоралари етказиб берар эди. 1939 йилнинг августига келиб, бу хабарларнинг оқими ошади.
Французлар ва британияликлар ўша йилнинг ёзида Москвага музокаралар ўтказишга келишади. Узоқ тортишувлардан сўнг уларнинг Германия томонидан амалга оширилиши эҳтимоли катта бўлган ҳужумларга биргаликда қаршилик кўрсатмаслиги маълум бўлади.
Финландия ҳам Англия, Швеция ва Германия билан иттифоқдошликка мойиллик билдиради. Кейинроқ у олмон давлати томонида Совет Иттифоқига қарши урушга киради.
Бу орада советлар олмонлар билан иқтисодий ҳамкорлик музокараларини давом эттиришади. 1939 йилнинг 23 август куни Москвага Германия ташқи ишлар вазири Риббентроп келади. Узоқ муҳокамалардан сўнг бошқа ҳужжатлар қаторида шу куни соат 22.00 ларда Кремлда Германия ва Совет Иттифоқи ўртасида Ўзаро тажовуз қилмаслик тўғрисидаги пакт имзоланади (маълумот ўрнида Олмония айни шу каби шартномалари 1934 йилда Польша,1938 йилда Англия ва Франция, 1939 йилда Литва ва Эстония ҳамда 1941 йилда Туркия билан имзолайди).
Совет раҳбариятининг стратегик мақсади нима қилиб бўлса ҳам икки фронтда - Узоқ Шарқ ва Европада урушнинг олдини олиш эди.
Мафкурага боғланмаган дипломатик муносабатларни Италия мисолида ҳам кўриш мумкин. Совет Иттифоқи 1922 йилда фашист режими бошига келган Бенито Муссолини билан иқтисодий ҳамкорликни узмаган.
Қолаверса, Сталиннинг Совет Иттифоқини жаҳоннинг йирик давлатига айлантириш сингари устувор-глобал режаси бор эди.
- Демак, англашиладики, урушнинг олдини олиш учун ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, кўнгил хотиржам бўлди...
- Назарий жиҳатдан шундай дейиш мумкин. Аммо буни ҳукуматлараро муносабатларда учраб турадиган дипломатик найранг, деб ҳам аташ мумкин.
Мамлакат фуқаролик урушини бошидан кечирган, очлик кўрган, коллективлаштириш сиёсати тугаган, улкан саноатлаштириш энди натижасини кўрсатаётган замонлар эди. Бу муваффақиятлар, албатта, Ғарб сиёсатчиларига маъқул келмасди.
Бунинг устига советлар ўз қудратини Монголия ва Манжурияда қўли баланд келиб турган Японияга қарши курашда намоён этишга улгурган ҳам эди.
Юқорида қайд этганимдек, Франция ва Буюк Британия билан тил топишиб бўлмаган эди. Аслида бу икки давлат Американинг ташаббуси билан бу йўлни танлаганди. Президент Рузвельт Британия бош вазири Чемберленга мурожаат қилиб, Германиянинг ғарбий Европадаги гегемонлиги Америка ва Британия манфаатларига мутлақо тўғри келмаслигини англатиб,уни чўчитади.
Океанорти раҳбарияти инглиз ҳукуматидан Германиянинг Европадаги иттифоқдошлари, шу жумладан, Совет Иттифоқи билан алоқаларни тўхтатиш юзасидан чора кўришга чақиради.
Риббентроп-Молотов пакти, деб тарихга кирган ҳужжат ҳақида, совет разведкачи, генерал-лейтенант Павел Судоплатов “Разведка и Кремль. Записи нежелательного свидетеля” (“Разведка ва Кремль. Ишончсиз гувоҳнинг хотиралари” китобида батафсил маълумот келтиради.
Унинг қайд этишича, разведка идорасига давлатдан мазкур пакт имзоланмасидан бор-йўғи икки кун аввал Германия билан тинчлик муносабатларини ўрнатиш учун чора-тадбирлар ишлаб чиқиш топшириғи берилади. Яъни, разведка бу пакт тайёрланаётганидан бехабар бўлган.
- Жуда қизиқ ҳолат эмасми, давлатнинг энг ишонган, таянган идораси муҳим стратегик ҳужжат ҳозирланаётганидан хабарсиз қолса...
- Менимча, бу вазиятни тўғри тушуниш керак. Аввало уруш хавотирлари кучайиб келаётган бир пайт. Қолаверса, давлат раҳбарининг ўзига хос табиатини ҳам унутмаслик керак...
Бу ҳужжатдан нафақат ташқи разведка, балки ҳарбий разведка ва дипломатлардан ҳам сир тутилган.
Аслида мазкур махфий пактда сир, деб аталмиш деярли жиддий бир нарса йўқ.
Масалан, пакт советларнинг Болтиқбўйи давлатлари – Литва, Латвия ва Эстония ишларига аралашмаслик банди бор. Совет қўшинлари ҳукуматлараро шартномага асосан бу мамлакатларда жойлаштирилган эди. Берлин эса уларни ўзига ўзига оғдириб олиш учун уринар эди.
Пактнинг яна бир томони ҳақида тўхталсам. Немислар 1939 йилнинг сентябрь ойида Польшани босиб олгач, яъни расман Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, советлар Польшанинг шарқига кириб боради ва Галиция – ғарбий Украинани эгаллайди. Бу ҳудуд украиналик миллатчилар ҳаракатининг маркази эди. Ўша пайтдаёқ марказ Львовда капиталистик турмуш тарзи ҳукм сурар эди – чакана ва кўтара савдо хусусий тадбиркорлар қўлида эди. Улар ҳукуматни тан олишмасди.
Украина Компартияси етакчи Хрушевнинг талаби билан советлар орага кирадилар. Пактдан фойдаланиб, Германия аралашуви билан 1938 йилдан бери Англия ва Франция томонидан қўллаб-қувватлаб келинаётган мустақил Украина Карпат Республикаси ташкил этиш ғоясига чек қўйилади.
- 1941 йил 22 июнда уруш бошланди. Аввалги суҳбатларимизда разведка маълумотларига таяниб, немисларнинг советларга қарши бостириб кириши тўғрисида аниқ хабарлар келиб тургани ҳақида гапириб берган эдингиз. Бу фикр бугун ўзгарган эмасми?
- Разведканинг вазифаси огоҳлантирувчи, эҳтимолий воқеалар тўғрисида аниқ маълумотлар тўплашдан иборат.
Немис фашистларининг Совет Иттифоқига бостириб кириши тўғрисидаги таҳдидий хабарлар келиб тушиши 1940 йилнинг ноябридан бошланган. Албатта, бу маълумотлар аниқ эканига доим шубҳа билан қаралган, бунинг устига улардаги фактлар бир-бирини инкор ҳам қилар эди. Уларда немисларнинг ҳарбий салоҳияти тўғрисида маълумотлар бўлмагани учун жиддий эътибор берилмасди.
Ташқи ва ҳарбий разведка 1941 йилнииг май, ҳатто июнь ойидаги маълумотларнинг аксариятида урушнинг муқаррар эканлиги баён этилади. Ҳатто, Ким Филби Берлинни қишқиртириш учун Британия Вазирлар Маҳкамаси Германия ва Совет Иттифоқи ўртасида кескинликни ошириш ва ҳарбий инқирозни кучайтиришга қаратилган режалар ишлаб чиқаётгани ҳақида хабар беради.
Дезинформация хабарларидан бири Вашингтонда қайд этилади. Британия разведкасининг ходими Монтгомери Хайд Германия элчихонасига “Гитлер Англияга бостириб кирадиган бўлса, руслар немисларга қарши уруш бошлайди”, мазмунидаги мактубни юборади.
Бу каби “ахборот уруши”дан парчалар эди.
Жиддий хабарлар орасида афсонавий разведкачи Зоргенинг Токиодан туриб немислар 1 июнда советларга қарши уруш очиши режаси бор, дейди. Унинг кетидан Берлин резидентураси 15 июнь тўғрисида маълумот беради. Унгача эса, 11 март куни ҳарбий разведка баҳорда уруш бошланишига ишора берувчи хабар йўллаган эди.
Менимча, ҳали матбуотда айтилмаган яна бир муҳим факт бор. Июнь ойи ўрталарида совет разведкачиси Зоя Рибкина-Воскресенская Германиянинг Москвадаги элчихонаси уюштирган қабул маросимида иштирок этади ва дипломатик ваколатхона деворларидан осиқлиқ бўлган плакат ва расмларнинг олиб ташланганига эътибор беради. Элчихонадаги суҳбатларни эшитувчи-ёзиб олувчи жиҳозни жойлаштириш учун олазарак бўлиб турганида дипломатларнинг кўчиб кетишга ҳозирлик учун тўплаб қўйган кўплаб жамадонларига кўзи тушади.
Бу разведка хабари совет раҳбариятини баттар саросимага солади...
Москвадаги немисларга қарши аксилразведка амалиётлари мувофиқлаштирувчиси Яковлев ва Райхман “Метрополь” меҳмонхонасида дипломатик почта ташувчи икки нафар ҳаммолни қўлга туширишади. Элчихонанинг Берлинга жўнатаётган барча ҳужжатлари суратга олинади. Улар орасида элчи Шуленбургнинг Риббентропга элчихона ходимларини қисқартириш ва дипломатларнинг келишилган график асосида Берлинга қайтариб юборилаётгани тўғрисида ахборот чиқади.
Уруш яқинлашиб келаётганига шубҳа қолмаётган бўлса-да, бу ҳужжатлар фаразларни яна бир бор тасдиқлайди...
- Ҳар ҳолда урушга тайёргарлик кўриш бошланган, деган хулоса чиқариш мумкин эканда...
- Узун давом этадиган урушга пухта ҳозирлик талаб этилиши бор гап. Шу маънода немисларнинг ҳарбий-стратегик режасига кўра, қўшимча иқтисодий ресурсларга эҳтиёж қалқади. Улар душманнинг жанговор қудратини яксон қилиш билан баробар, энг аввало, хомашёга бой ғарбий Украинани босиб олиш режасини тузишади.
Сталин Германиянинг урушнинг узоққа чўзилишини ҳисобга олиб, тезкор-стратегик машқлари ва моддий-техника қудратини юксалтириш бўйича саъй-ҳаракатларидан бохабар бўлгач, ўзига хос топшириқ беради. Москвадаги немис ҳарбий атташесини Сибирдаги ҳарбий саноат қудрати билан таништириш зарурлигини уқтиради. 1941 йил апрель ойида унга янги замонавий танк ва самолётлар ишлаб чиқарилаётган заводлар билан танишиш имкони яратиб берилади.
Берлиндаги советларнинг резидентураси эса авиация ва иқтисодиёт вазирликлари ичида Германия раҳбариятининг советлар билан уруши фожиага айланади, у агар узоқ давом этадиган бўлса, икки фронтда уруш олиб боришга мажбур бўлади, деб шов-шув тарқатади...
- Дарҳақиқат, урушнинг олдини олишнинг иложи топилмабди. Риббентроп-Молотовнинг Ўзаро тажовуз қилмаслик пакти тақдири нима бўлди?
- Германиянинг Совет Иттифоқига ҳужум бошлаши биланоқ, бу битим ўз кучини йўқотади. Энди разведка хизматларига янги топшириқлар берилади. Немисларнинг ҳарбий куч-қудрати, Иккинчи жаҳон уруши қанчалик узоқ давом этиши, шунга яраша фашистларнинг захираси ҳақида маълумотлар тўплаш ва ...Гитлерга суъиқасд уюштириш режаси ишлаб чиқиш шартлиги айтилади.
Замонасининг таниқли актрисаси Ольга Чехова, бокс бўйича жаҳон чемпиони Игорь Миклашевский сингари шахсларнинг немислар юртидаги обрў-эътиборидан фойдаланилади. Улар Берлинга юборилади. Икки йил аниқ режа асосида иш олиб боришади, ишга “нуқта” қўйиш жараёни пишиб етилган 1943 йилда Гитлернинг ҳаётига аралашмаслик янги топшириғи келиб тушади.
Ольга Чехова Германияда яширин разведка фаолияти олиб борган, у Гестаподан муҳим хабарлар олиб, советларга етказиб турган. Гитлер билан шахсан таниш бўлган...
Совет раҳбарияти Гитлер ўлдирилгач, нацист доиралар ва ҳарбийлар Совет Иттифоқисиз тинчлик шартномаси қабул қилишга шароит яратилар эди...
Айни шу фикрни тасдиқлаш учун бир мисол келтираман. Разведканинг аниқ маълумотига кўра, Ватиканнинг Анқарадаги вакили олмонларнинг Туркиядаги элчиси Франц фон Папен билан учрашади ва унга Папа Пий XIIнинг Буюк Британия, Қўшма Штатлар ва Германия сепаратив тинчлик битимини имзолаш ташаббуси-таклифини етказади.
Папен 1939-1944 йилларда Туркияда элчи бўлган ва бу давлатни Германия тарафида урушга чорлаган. Фашист Германиясининг бош жиноятчиларидан бири. 1946 йилда Нюрнберг халқаро судига чиқарилади ва қилмиши исботланмагани учун оқланади.
Бундан ташқари, Римдаги совет резидентураси Папанинг шахсан Рузвельтнинг Ватикандаги вакили билан кўришгани хабарини етказади.
Агар сепарат битим қабул қилинган тақдирда советларнинг Европага таъсирини камайтирган, келажакда Европа альянси Совет Иттифоқисиз тузилишига олиб келишига йўл очар эди. Кремль раҳбарияти бу каби таҳлиллардан кейин, албатта, Гитлернинг жонига тажовуз қилишдан чекилади.
...Урушдан кейин Европа Иттифоқи тузилади, бугун эса бу иттифоқ янада жипслашганининг гувоҳи бўлиб турибмиз...
- Худойберди Соҳибович, мазмунли ва Иккинчи жаҳон уруши тўғрисидаги янги факт ва рақамларни қамраб олган суҳбатингиз учун миннатдорлик билдираман.
Аброр Ғуломов,ЎзА