Рассомлар нигоҳидаги маданий мерос
Ўзбекистон Бадиий академияси Тошкент Фотосуратлар уйида уйғур рассомларининг “Маданий мерос” номли бадиий кўргазмаси бўлиб ўтмоқда.
Мазкур кўргазмада Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Германия, Буюк Британия, АҚШ сингари хорижий давлатларда яшаб, ижод қилаётган 50 нафарга яқин рассомнинг 100 дан ортиқ асари намойиш этилмоқда.
Кўргазма экспозициясида асосан турли давлатларда яшаётган уйғур миллатига мансуб ижодкорларнинг рангтасвир асарлари намойишга қўйилган.
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Америка Қўшма Штатларининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник, Ўзбекистон халқ рассоми Леким Ибрагимов ва бошқалар мазкур кўргазма миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик ришталарини боғлашга хизмат қилишини таъкидлади.
[gallery-13882]
Дарҳақиқат, кўргазмадан ўрин олган асарларда тинчлик, ҳамжиҳатлик, якдиллик бугунги шиддатли глобаллашув даврида кўпгина муаммоларга ечим экани акс эттирилган. Зеро, бу каби ижодий лойиҳалар турли миллат ва элатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Айни пайтда ушбу кўргазмада мўйқалам соҳиблари маданий мерос ҳақидаги ўз тасаввурларини бетакрор тарзда бадиий ифода этгани диққатга сазовор.
Н.Усмонова, ЎзА