Расмий статистика соҳаси ва Марказий банк фаолияти такомиллаштирилади
“Расмий статистика тўғрисида”ги қонунга бир қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, расмий статистика соҳасидаги ваколатли давлат органининг вазифа ва ваколатлари аниқлаштирилмоқда.
“Расмий статистика тўғрисида”ги қонунга бир қатор муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, расмий статистика соҳасидаги ваколатли давлат органининг вазифа ва ваколатлари аниқлаштирилмоқда.
Республика статистика кенгашининг ҳуқуқий мақоми мустаҳкамланмоқда ҳамда статистика дастурларини шакллантириш ва тасдиқлаш тартиби такомиллаштирилмоқда.

Бу Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси мажлисида дастлабки тарзда кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган.
Мажлисда қонун расмий статистика соҳасида амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, шунингдек, қонун ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Миллий статистика қўмитасининг янги ҳуқуқий мақомига мувофиқлаштириш мақсадида ишлаб чиқилгани қайд этилди.

“Ўзбекистон Республикаси Марказий банки фаолияти янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан Марказий банкнинг институционал мустақиллиги янада мустаҳкамланмоқда. Мазкур қонунда тузилманинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ва давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш, молиявий барқарорликка таҳдид солувчи хавфларга тезкор ҳуқуқий чоралар кўриш имкониятларини кенгайтириш назарда тутилмоқда.

Марказий банкнинг айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини соддалаштирилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш механизми жорий этилмоқда. Бу эса пул-кредит сиёсати, банк назорати, таваккалчиликларни бошқариш ҳамда тўлов тизимларини тартибга солиш соҳасида қабул қилинадиган қарорларнинг тезкорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Қонун билан Марказий банк, унинг ҳудудий бош бошқармалари ва тасарруфидаги ташкилотлар фаолиятини текшириш тартиби аниқлаштирилиб, мазкур институтнинг мустақиллиги ва парламент олдидаги ҳисобдорлиги ўртасидаги мувозанатни таъминлашга қаратилган ҳуқуқий механизмлар мустаҳкамланмоқда.
Қонунлар юзасидан билдирилган фикр ва таклифлар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА