Рақобат ва истеъмолчи ҳуқуқлари йўлида муҳим қадам
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида мамлакатимизда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, монополияларнинг олдини олиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.
Бу борада Қорақалпоғистон Республикасида ҳам кенг кўламли ишлар оширилмоқда. 2026 йилнинг биринчи чорагида қўмита томонидан амалга оширилган ишлар ана шу мақсадларга хизмат қилди. Жумладан, қўмита фаолияти амалдаги Қонун, фармон ва қарорлар асосида ташкил этилиб, бозор иқтисодиёти тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилди.
Ўтган йил якуни бўйича давлат ва корпоратив буюртмачилар томонидан ўтказилган бошланғич қиймати 230 миллиард сўмдан ортиқ 800 га, 2026 йилнинг I-чорагида бошланғич қиймати 17,2 миллиард сўмлик 290 га яқин танлов (тендер) савдосида таҳлил ишлари олиб борилди. Шундан, 2025 йил давомида 700 га яқин савдо жараёнида 1 минг 400 дан ортиқ, 2026 йил I-чорагида 300 га яқин савдо жараёнида 500 дан ортиқ рақобатга зид ҳаракат аниқланди.
Шунингдек, жорий йилнинг I-чорагида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланган 300 га яқин хариднинг 62 таси бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига маълумотнома тақдим этилган бўлса, 200 та харид юзасидан ҳудудий орган томонидан 4 та иш қўзғатилди. Натижада 2 нафар мансабдор шахсни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан қарор қабул қилинди.
Бозор концентрациясини назорат қилиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 июлдаги “Рақобат муҳитини янада ривожлантириш ва иқтисодиётдаги давлат иштирокини қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ давлат иштирокидаги хўжалик юритувчи субъектларини ва хўжалик фаолиятини амалга ошириш ваколати берилган давлат муассасаларини ташкил этишга (қайта ташкил этишга) монополияга қарши органнинг олдиндан розилигини олиш юзасидан 2025 йил давомида 3 та ва 2026 йилнинг I-чорагида 1 та мурожаат ўрганиб чиқилиб, тегишли тартибда жавоб хати берилди.
2026 йилнинг I-чорагида 6 та шаҳар ва туман ҳокимлиги ҳамда 3 та давлат бошқарув органи томонидан қабул қилинган 8 мингдан ортиқ ҳужжати хатловдан (ex-post) ўтказилган. Ўрганиш якунларига кўра, 90 та ҳужжатда рақобатга зид ҳолат аниқланиб, 8 та давлат бошқарув органи ва маҳаллий ҳокимликка тақдимнома киритилди.
Товар хомашё биржа савдоларида юқори ликвидли ва монополь турдаги маҳсулотлар реализация қилиниши жараёнлари ўрганилиши натижасида 2025 йил давомида 8 та, 2026 йил I-чораги давомида 3 та ҳолатда манипуляция ва қонунчилик талаби бузилиши ҳолати аниқланди. Мазкур ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда ишлар қўзғатилиб, тегишли чоралар кўрилди.
Реклама қонунчилигига риоя этилиши юзасидан назорат тадбирлари доирасида 100 дан ортиқ текшириш ишлари амалга оширилди. Шундан 43 та ҳолатда иш қўзғатилиб, 21 та ҳолат бўйича тегишли таъсир чоралари кўрилди. Жорий йилнинг I-чорагида ташқи реклама объектлари бўйича хатлов ишлари давом эттирилиб, 200 га яқин ўрганиш ўтказилди ва тегишли тартибда огоҳлантиришлар берилди.
Хулоса қилиб айтганда, Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган бу каби ишлар соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, бозорларда тенг шароит яратиш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Келгусида ҳам рақобат сиёсатини такомиллаштириш, бозорларни либераллаштириш ва хусусий сектор улушини ошириш орқали ҳудуднинг иқтисодий фаоллигини янада ошириш кўзда тутилган.
Бекзод Исмаилов,
Қорақалпоғистон Республикаси Рақобатни
ривожлантириш ва истеъмолчиларнинг
ҳуқуқни ҳимоя қилиш қўмитаси раиси
ЎзА.