Рақобат қўмитаси: ярим йилда 23,2 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар таҳлилига бағишланган брифинг ўтказилди.
Маълум қилинишича, ҳисобот даврида Қўмитага жами 23 минг 200 га яқин ёзма, электрон ва оғзаки мурожаат келиб тушган. Хусусан, 1 254 таси ёзма, 6 299 таси электрон ҳамда 15 615 таси оғзаки мурожаатлар бўлиб, улар шахсий ва сайёр қабуллар, масъул ходимлар қабули ҳамда 1159 ишонч телефони орқали қабул қилинган.
Манбалар кесимида таҳлил қилинганда, мурожаатларнинг 6 таси Вазирлар Маҳкамасидан, 592 таси бошқа ташкилотлардан тегишлилиги бўйича, 656 таси бевосита жисмоний ва юридик шахслардан, 310 таси Қўмитанинг электрон почтаси орқали келиб тушган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали 6 690 та, Халқ қабулхоналаридан 27 та, Қўмитанинг расмий веб-сайти орқали 342 та, 1159 қисқа рақами орқали эса 14 345 та мурожаат қабул қилинган. Бундан ташқари, Қўмита раҳбариятининг шахсий ва сайёр қабуллари орқали 76 та, масъул ходимлар қабуллари орқали эса 124 та мурожаат қайд этилган.

Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг асосий қисми истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши, реклама соҳасидаги муносабатлар, савдо ва хизмат кўрсатиш, коммунал хизматлар, алоқа, транспорт ҳамда қурилиш йўналишларига тўғри келади. Қўмита томонидан мурожаатларни ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, раҳбариятнинг ҳудудларда ўтказаётган сайёр қабуллари давомида кўплаб масалалар жойида ижобий ҳал этилди.
Шу билан бирга, келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида 10 га яқин йўналишда тизимли ўрганишлар ташкил этилди. Уларнинг натижасида 10 миллион 459 минг 182 нафар фуқаронинг манфаати ҳимоя қилиниб, истеъмолчилар фойдасига қарийб 59 миллиард сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.
Қайд этилишича, мурожаатлар билан ишлаш кўрсаткичлари ҳар чорак якунида Қўмитанинг расмий ахборот ресурслари ва ижтимоий тармоқларда кенг жамоатчиликка эълон қилиб борилади. Шу билан бирга, Қўмита ва унинг ҳудудий органларида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати мунтазам равишда таҳлил қилиниб, масъулиятсизликка йўл қўйган ходимларга нисбатан тегишли интизомий чоралар кўрилмоқда.
Отабек Усмонов,
Рақобат қўмитаси раисининг
жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси