Рақамли технологиялар – замонавий тараққиётнинг асосий омили
Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча соҳаларида рақамли технологиялар кенг жорий этилмоқда ва улар фаолият самарадорлигини оширишда муҳим роль ўйнамоқда.
Ахборот технологиялари, сунъий интеллект, интернет хизматлари ва мобиль алоқа тизимларининг жадал ривожланиши нафақат иқтисодиёт, балки таълим, соғлиқни сақлаш, энергетика каби муҳим йўналишларни ҳам янги босқичга олиб чиқмоқда. Рақамли трансформация жараёнлари ташкилотлар ишини самарали ташкил этиш билан бирга, аҳоли учун қулай ва замонавий имкониятлар яратиб беряпти.
“Huawei” компаниясининг Ўзбекистондаги оммавий ахборот билан алоқалар бўйича менежери Александра Набиева билан суҳбатимиз “Рақамли технологиялар – замонавий тараққиётнинг асосий омили” мавзусига бағишланди.
– Ўзбекистонда рақамли технологиялар соҳасида эришилаётган натижаларни алоҳида қайд этиш зарур, – деди А. Набиева. – Аввало, бу соҳадаги ютуқлар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларнинг изчил амалга оширилаётгани самарасидир.
Шунингдек, сўнгги йилларда барча соҳаларда рақамлаштириш жараёнлари тизимли йўлга қўйилмоқда. Ҳар бир ҳудудда IT-парклар фаолиятини ташкил этиш, бу орқали соҳага қизиқувчи ёшлар учун таълим ва иш имкониятларини яратиш давлатимиз томонидан рақамли тараққиётга қаратилаётган эътиборни яққол намоён этади.
Айниқса, бу жараёнда халқаро ҳамкорликнинг ўрни беқиёс. Шу нуқтаи назардан, “Huawei” компаниясининг Ўзбекистондаги фаолияти рақамли соҳанинг ривожига муносиб ҳисса қўшиш билан боғлиқ. Жумладан, 2024 йилда мамлакатимизда 5.5G технологиялари синовдан ўтказилди. Мазкур технологиялар АКТ ҳафталиги доирасида намойиш этилди ва Марказий Осиё минтақасида биринчи марта юртимизда жорий этилди. Бу қадам рақамли инфратузилмани янада мустаҳкамлаш ва юқори технологияларни амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этди.
– 5G ва 5.5G технологияларининг жорий қилиниши қандай натижалар берди?
– Энг аввало, алоқа операторлари юқори тезликдаги хизматларни тақдим этиш заруратини теран англаб етди. Бугунги кунда Тошкент, Фарғона водийси ва бошқа ҳудудларда 5G тармоқлари фаолият кўрсата бошлади. Шу билан бирга, савдо марказлари ва метро станцияларида юқори тезликдаги алоқа хизматлари ишга туширилди.
Қувонарлиси, 3-4 йилдан буён муҳокама қилинаётган 5G технологияси фақат пойтахтда эмас, балки вилоятларда ҳам босқичма-босқич жорий этиляпти. Ўтган йили Фарғона водийси ва бошқа ҳудудларда тегишли лойиҳалар амалга оширилди. Бу эса алоқа операторлари томонидан юқори тезликдаги хизматларга бўлган талаб ва эҳтиёжни чуқур англаш натижаси сифатида баҳоланади.
“Ucell” компаниясида 5G ички қамров лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилди. Айни вақтда Тошкентдаги йирик савдо марказларида 5G технологиясидан фойдаланиш имкони мавжуд. Яъни, у синовдан ўтказилмоқда. Яқинда эса метро станцияларида ҳам 5G алоқа хизматлари ишга туширилди.
“Huawei” компанияси алоқа операторлари билан ҳамкорликда қатор дастур ва ташаббусларни амалга оширмоқда. Фойдаланувчиларга янада яқинлашиш мақсадида жорий йилда бренд зоналари очилди. Энди “Huawei” маҳсулотлари нафақат компаниянинг ўз офисларида, балки Тошкент ва Самарқанддаги “Mobiuz” офисларида ҳам намойиш этилмоқда. Шу йил 1 апрель куни мазкур янгилик тантанали равишда эълон қилинди.
– Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида қандай ташаббуслар амалга оширилмоқда?
–Биз АКТ соҳасидаги ҳамкорлар билан самарали ва дўстона алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилмоқдамиз. Таълим ва технологиялар йўналишида келгусида натижа берувчи муҳим меморандумлар имзоланмоқда. Яқинда амалга оширилган йирик лойиҳалардан бири - бу рақамли иқтисодиёт бўйича “Оқ китоб” яратилиши бўлди. Ушбу ташаббус Ўзбекистондаги “Рақамли иқтисодиёт тадқиқотлари маркази” давлат муассасаси билан ҳамкорликда амалга оширилди.
“Huawei” нафақат алоқа соҳасида, балки энергетика, хусусан қуёш энергетикаси, электромобиллар ва энергияни сақлаш каби стратегик соҳаларда ҳам фаол иш олиб бормоқда. Масалан, бугунги кунда электромобиллардан фойдаланувчилар IT Park автотураргоҳига бориб, қурилмалар орқали машинасини тез ва самарали қувватлаш имконига эга.
– Ёшлар ва мутахассислар тайёрлаш соҳасида қандай дастурлар амалга оширилмоқда?
– Ўтган йили бир қатор муҳим дастур ва лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди. Улар орасида севимли ташаббусларимиздан бири - “Seeds for the Future” бўлиб, бу дастурда қатнашган ёшлар давлат делегациялари таркибида Барселона ва Шанхайда ташкил этилган халқаро тадбирларда иштирок этди ҳамда ўз инновацион ғояларини тақдим этди.
Шунингдек, “Tech4Good Global Competition” танловида “Silver Award” мукофотига сазовор бўлган ўзбек ёшлари икки ҳафта мобайнида Хитойда бўлиб, дунё бўйлаб келган тенгдошлари билан янгилик ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишди.
Бундан ташқари, “ICT Academy” дастури орқали талабалар рақамли технологиялар бўйича замонавий билимларни бепул олиш имконига эга. Академия нафақат таълим беради, балки ёшларни халқаро танловларга тайёрлашда ҳам фаол иштирок этади.
– Шу ўринда, компания фаолияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
– “Huawei” компанияси дунё бўйлаб 170 та мамлакат ва ҳудудларда фаолият олиб бормоқда. Ўзбекистонда эса ўтган йили компаниянинг фаолиятига 25 йил тўлгани нишонланди. Бугунги кунда бутун дунёда 3 миллиарддан ортиқ киши “Huawei” хизматларидан фойдаланмоқда. Бу рақамли алоқа, замонавий технологиялар, шунингдек, операторлар ва ҳамкорлар орқали амалга оширилмоқда.
Компанияда фаолият юритаётган ходимлар сони бу йил 208 000 нафарга етди, уларнинг ярмидан ортиғи тадқиқот ва ишланмалар (R&D) соҳасида ишламоқда. Ўзбекистондаги офисимизда 400 нафардан зиёд мутахассис фаолият юритмоқда.
Бизнинг асосий мақсадимиз эса Ўзбекистонда рақамли технологиялар соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшишдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
суҳбатлашди.