Рақамли технологиялар халқаро маркази қандай фаолият юритади?
Давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 19 августда имзоланган “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги конституциявий қонунда нималар назарда тутилган?
Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Маматкаримов билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Мамлакатимизда рақамли технологияларни ривожлантириш ва рақамли иқтисодиёт улушини ошириш бўйича “Рақамли Ўзбекистон - 2030” стратегияси ҳамда қатор Президент ва Ҳукумат қарорлари ижроси доирасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини кескин ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, дастурий маҳсулотлар ва IT хизматлар экспортини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш ҳамда инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг халқаро тан олинган илғор амалиёт ва институтларини жорий қилиш мақсадида 2025 йилда “Enterprise Uzbekistan” рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилди.
Марказ Давлатимиз раҳбарининг фармонига мувофиқ Тошкент шаҳрида ташкил этилди. Лойиҳанинг бош мақсади – 2030 йилгача мингтагача халқаро компанияларни жалб қилиш, 300 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш ва IT экспорт ҳажмини 5 миллиард долларга етказишдир.
Марказ фаолиятини ташкил этиш учун биринчи навбатда норматив-ҳуқуқий ва институционал базани мустаҳкамлаш вазифаси белгиланган.
Мазкур устувор вазифадан келиб чиққан ҳолда экспорт ва ялпи ички маҳсулотнинг ўсишини рағбатлантириш, инсон капиталини ривожлантириш мақсадида ушбу янги қонун қабул қилинди.
– Рақамли технологиялар халқаро марказининг махсус ҳудуд сифатидаги мақоми қандай?
– Янги қонунда айнан шу мақом ва марказ ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режим белгиланди. Махсус ҳуқуқий режим ўрнатилиши, марказнинг қарорларини ишлаб чиқиш, рўйхатдан ўтказиш, амалга киритиш, эълон қилиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, уларни бекор қилиш, шунингдек уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ҳамда тугатиш тартиби бошқарув кенгашининг қарорлари билан амалга оширилиши қонунда мустаҳкамланди.
Марказ ҳудудида “Тартибга солиш қумдони” доирасида рақамли технологиялар соҳасида инновациялар, хизматлар ва маҳсулотлар яратилади, синовдан ўтказилади ҳамда жорий этилади.
Рақамли технологиялар соҳасига инвестицияларни жалб этиш ва мазкур соҳада экспорт фаолияти билан шуғулланишни рағбатлантиришга қаратилган тадбиркорлик фаолияти амалга оширилади.
Конституциявий қонун билан махсус ҳуқуқий режим 2100 йилгача амал қилиниши белгилаб қўйилди. Бу эса хорижий инвесторларнинг 40-50 йиллик режа асосида юртимизга катта миқдордаги инвестицияларни хавотирсиз киритиши учун замин яратади.
Махсус ҳуқуқий режим бошқарув кенгаши томонидан тасдиқланадиган фаолият турларига нисбатан татбиқ этилиши мустаҳкамланди.
– Мазкур конституциявий қонун Сенат ялпи мажлисида нима учун икки марта кўрилди, яъни аввал нега рад этилган эди?
– Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга кўриб чиқиш учун киритилган эди. Бироқ, Сенат томонидан қонун чуқур таҳлил қилиниб, ундаги айрим нормаларни амалдаги қонунчилик ҳамда Давлат раҳбари томонидан имзоланган “Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида”ги қонунга мослаштириш нуқтаи назаридан янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилиб, 17-ялпи мажлисда рад этилди ҳамда юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида парламент палаталарининг тегишли келишув комиссияси тузилди.
Келишув комиссияси томонидан Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси хулосасида билдирилган барча таклиф ва эътирозлар атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳокамаларда депутат ва сенаторлар, Ҳукумат вакиллари ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар иштирок этиб, қонуннинг ҳар бир нормаси қайта кўриб чиқилди. Натижада қонун халқаро тажриба, миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти талабларидан келиб чиқиб, янада такомиллаштирилди ҳамда маромига етказилган таҳрирда ишлаб чиқилди.
Хусусан, конституциявий қонуннинг мақсади ва қўлланилиш соҳаси фуқаролик, корпоратив ва тижорат ҳуқуқига оид муносабатлар, шунингдек, фуқаролик ва иқтисодий процессуал муносабатлар билан тўлдирилди. Сенатнинг 18-ялпи мажлисида эса қонун маъқулланди.
– Марказда қўлланиладиган ҳуқуқ устуворлиги тартиби қандай?
– Конституциявий қонунга мувофиқ, марказни ташкил этиш, фаоллаштириш, унинг чегараларини ўзгартириш, стратегик бошқарув, асосий мансабдор шахсларни тайинлаш тартиби белгиланди. Бу Президентимизнинг фармонлари ва қарорларига асосан амалга оширилади.
Зарур ҳолларда Конституцияга, ушбу конституциявий қонунга ва марказнинг қарорларига зид бўлмаган тақдирда, Англия ва Уэльснинг умумий ҳуқуқи ҳамда адолат принциплари ва қоидаларига риоя қилиниши ҳақидаги норма ҳам қонундан ўрин олган.
Марказ ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлари ва қандай қонунчилик ҳужжатлари қўлланилиши аниқлаштирилди.
Марказ ҳудудида унинг ўз юрисдикцияси доирасида қабул қилган қарорлари ушбу қарорларга зид бўлган ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан устун туриши мустаҳкамланди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу конституциявий қонун ва Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар мустасно эканлиги белгиланди.
Келишув комиссияси томонидан марказ субъектларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида белгиланган жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашишга доир талаблардан ташқари марказнинг қарорлари билан қўшимча ёки кенгайтирилган талаблар белгилаш имконияти яратилди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланди. Бундай ҳаракатлар юзасидан биринчи навбатда иқтисодий, фуқаролик-ҳуқуқий ва тартибга солиш чоралари қўлланилиши, материаллар маъмурий иш қўзғатиш учун ваколатли органларга юборилмаслиги, ҳаракатлар рўйхати ва чоралар бошқарув кенгаши қарорлари билан белгиланиши қонунда акс этди.
Мазкур меъёр халқаро молиявий марказлар (AIFC, DIFC каби) амалиётига мослик, инвесторлар учун прогнозли ҳуқуқий муҳит, маъмурий босимнинг камайишини таъминлайди.
– Марказ ҳудудида жиноий юрисдикцияни амалга ошириш тартиби қандай бўлади?
– Бундай ҳолатлар биринчи навбатда марказ юрисдикцияси доирасида ҳал этилиши, шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар юрисдикциясини чекловчи норма сифатида талқин этилмаслиги тўғридан-тўғри белгиланди.
Хулоса қилиб айтганда, конституциявий қонун марказ иштирокчилари сонининг кўпайиши ҳисобига IТ соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ошишига, рақамли секторда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг ўсишига, рақамли технологиялар соҳасида янги иш ўринлари яратилишига, IТ хизматлари экспорт ҳажмининг ошишига, Ўзбекистоннинг рақамли технологиялар соҳасида минтақавий етакчи сифатидаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу конституциявий қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач, яъни 2027 йил 21 январда кучга киради.
ЎзА мухбири Норгул Абдураимова суҳбатлашди.