Рақамли ислоҳотлар самарасида бюджет тушумлари 28 фоизга ошди
Ўзбекистонда солиқ маъмуриятчилигини рақамлаштириш ва тадбиркорлик субъектлари билан манзилли ишлашга қаратилган “Корхонабай” тизими иқтисодиётда ижобий натижаларни намоён этмоқда. Мазкур тизим доирасида ҳар бир қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчи ташкилотга алоҳида солиқ инспектори бириктирилиб, уларнинг фаолияти доимий мониторинг қилиб борилмоқда.
Шунингдек, солиқ органлари маълумотлар базасида мавжуд бўлган солиқ тўловчилар ҳақидаги барча маълумотларни таҳлил қилиш ва мониторинг қилишнинг автоматлаштирилган рақамли тизими жорий этилди. Бу эса солиқ тўловчилар фаолиятини чуқур таҳлил қилиш, иқтисодий фаолликни ошириш ва бюджет тушумларини барқарор таъминлашга хизмат қилмоқда.

Солиқ қўмитасининг маьлум қилишича, 2026 йил март ойи натижалари “Корхонабай” тизими самарадорлигини яна бир бор тасдиқлади. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қуйидаги ижобий ўзгаришлар қайд этилди. Хусусан, 84 мингта солиқ тўловчининг ойлик товар айланмаси 10 миллион сўмдан ошган. 79 мингта солиқ тўловчида товар айланмасига нисбатан меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармаси улуши 5 фоиздан юқори бўлган — 23,5 фоизга кўпайди. 99,9 мингта солиқ тўловчининг рентабеллик даражаси 1 фоиздан юқори бўлган — 19,5 фоизга ўсди. 42,7 мингта солиқ тўловчи бир ойда 1 миллион сўм ва ундан ортиқ ҚҚС тўлаган — 27,5 фоизга ошди. 75,5 мингта солиқ тўловчининг товар айланмасига нисбатан ҚҚС суммаси 1 фоиздан юқори бўлган — 25,4 фоизга кўпайди. 8,3 триллион сўм бюджет тушумлари таъминланди — 28,3 фоизлик ўсиш кузатилди.
Мазкур ҳисоб-китобларда солиқ имтиёзлари ва бюджет ташкилотлари тушумлари ҳисобга олинмаган.
Қайд этилишича, “Корхонабай” тизими солиқ маъмуриятчилигини янги босқичга олиб чиқмоқда. Ҳар бир корхона билан индивидуал ишлаш орқали яширин иқтисодиёт улуши қисқариб, иш ҳақи жамғармаси ва товар айланмалари шаффофлашмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА