Рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
Тошкентда “Саноатнинг барча соҳаларини интеллектуал ривожлантиришни илгари суриш” мавзусида йиллик ҳамкорлар саммити ўтказилди.
АКТ ҳамжамияти вакиллари иштирок этган тадбирда турли тармоқларда интеллектуал трансформацияни тезлаштириш учун янги амалиётлар ва ечимлар муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, замонавий рақамли технологиялар ва инновацион ечимларни жорий этиш орқали иқтисодиётнинг барқарор ўсишини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар кучайиб бормоқда. Ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида самарадорликни ошириш ҳамда янги имкониятлар яратиш масалалари саммит иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.
Тадбирда сўзга чиққан мутахассислар янги авлод АКТ ечимлари, интеллектуал иловалар ва рақамли тизимлар иқтисодий ўсишни таъминлаш, бизнес жараёнларини соддалаштириш ҳамда янги ўсиш нуқталарини топишга хизмат қилишини қайд этди.
«Huawei Enterprise» компаниясининг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Тейлор Чжоу ўз нутқида саноатнинг интеллектуаллашуви мамлакатлар рақобатбардошлиги ва корхоналарнинг узоқ муддатли ўсишида асосий омил эканини таъкидлади:
— Интеллектуал трансформация йўлида ҳамкорлар бу жараённинг шунчаки иштирокчилари эмас, балки унинг ҳаракатлантирувчи кучидир. Самарали трансформация учун технологик инновациялар, соҳавий экспертиза, маҳаллий даражада хизмат кўрсатиш имкониятлари ҳамда экотизим доирасидаги ҳамкорлик зарур. Ҳамкорларимизнинг инновацион ёндашуви Ўзбекистон ва Марказий Осиёда кўплаб муҳим лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди, — деди у.
Саммитда Ўзбекистон ва Хитой давлатлари, хусусан, «Huawei» компанияси ўртасидаги ҳамкорликка алоҳида тўхталиб ўтилди. Қайд этилганидек, 2025 йилда мамлакатимизда 10 дан ортиқ соҳавий лойиҳалар, жумладан, давлат инфратузилмасини ривожлантириш, маданий объектларни рақамлаштириш, банк сектори ва чакана савдони трансформация қилиш борасида муҳим натижаларга эришилди.
Шунингдек, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари (R&D) ҳамда таълим дастурларига қаратилаётган эътибор «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегиясини ҳаётга татбиқ этишни қўллаб-қувватламоқда.
Тадбир якунида Ўзбекистонда рақамли ривожланишга муносиб ҳисса қўшган ҳамкорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА