Рақамли бошқарув мурожаатлар тизимидаги муаммоларни ҳал қилишда қай даражада самарали?
Мурожаатлар билан ишлаш тизимининг электронлаштирилиши бугунги кунда долзарб масала. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида давлат бошқарувининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролар билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда аҳоли муаммоларини тезкор ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Шунга кўра, фуқароларнинг мурожаатлари жамиятдаги муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи муҳим механизм ҳисобланади.

Бу борадаги чора-тадбирлар ва амалий натижалар ҳақида Тошкент давлат шарқшунослик университети Мурожаатлар билан ишлаш, назорат ва мониторинг бўлими бошлиғи Феруза Зокиржонова ЎзА мухбирига интервью берди:
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда мурожаатлар билан ишлаш тизими тубдан янгиланди. Хусусан, Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари фаолиятининг йўлга қўйилиши давлат органлари ва аҳоли ўртасидаги мулоқот механизмини янги босқичга олиб чиқди. Энди ушбу тизим натижасида фуқаролар ўз муаммолари юзасидан давлат органларига тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди.
Бироқ мурожаатлар сонининг ортиб бориши давлат органлари олдига янги вазифаларни қўймоқда. Мурожаатларни фақат расмий тартибда кўриб чиқиш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва тизимли муаммоларни бартараф этиш зарурати тобора долзарб бўлиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, 2026 йил 13 март куни ўтказилган селектор йиғилишида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимининг самарадорлиги атрофлича муҳокама қилинди.
Селектор йиғилишида фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимидаги мавжуд муаммолар танқидий таҳлил қилинди. Айрим ҳудудларда мурожаатлар билан ишлаш жараёни етарли даражада тизимли ташкил этилмагани, муаммоларни ҳал этиш ўрнига расмий жавоблар билан чекланилаётгани қайд этилди.
Йиғилишда мурожаатларни кўриб чиқишдаги камчиликлар ҳам муҳокама қилинди. Айрим давлат органларида мурожаатларни кўриб чиқиш жараёни етарли даражада назорат қилинмаяпти. Мурожаатлар такрорий равишда келиб тушмоқда. Муаммоларнинг илдиз сабабларини бартараф этиш бўйича тизимли чоралар етишмаяпти. Маҳаллий даражадаги масалаларни юқори ташкилотларга юбориш амалиёти ортиб бормоқда.
Ана шу муаммолар ечими йўлида мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш бўйича устувор йўналишлар белгиланди. Унга кўра, муаммоларни жойида ҳал этиш механизмларини кучайтириш, мурожаатлар мониторинги ва таҳлилини кучайтириш ҳамда рақамли бошқарув механизмларини кенг жорий этиш кўзда тутилган.
Бу эса фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Мурожаатлар билан ишлаш жараёнини тизимли ташкил этиш, муаммоларни жойида ҳал этиш ҳамда рақамли бошқарув механизмларини кенг жорий этиш давлат бошқаруви самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорлик тамойилларини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари сифатида эътироф этилмоқда. Шунинг учун фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, жамиятдаги ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни тизимли ҳал этишнинг самарали институционал механизмларини шакллантириш алоҳида аҳамиятга эга.
Бир сўз билан айтганда, келгусида мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, муаммоларни жойида ҳал этиш, мурожаатлар мониторинги ва таҳлилини кучайтириш ва рақамли бошқарув механизмларини кенг жорий этиш давлат органлари ва фуқаролар ўртасида мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.