Раисларнинг ҳуқуқий саводхонлиги оширилмоқда
Навоий вилоят суди, Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ва вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш маркази томонидан маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳамда мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида ўқув-семинар ташкил этилди.
Вилоят суди, вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси ҳамда Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Унга кўра, ҳафтанинг ҳар жума куни маҳалла фуқаролар йиғинларида оилавий ажримларнинг олдини олиш ва ажралиш ёқасига келган оилаларни яраштириш чораларини кўриш бўйича тадбирлар ўтказиб келинмоқда.

Семинарда вилоят суди судьялари Гулнафис Худойбердиева ва Бекзод Шерматов никоҳдан ажратиш ҳақидаги низони судгача ҳал қилиш механизмини такомиллаштириш, тарафларни яраштириш чораларини кўриш, ажралиш оқибатида келиб чиқадиган кейинги низолар (алимент, мол-мулк ва бошқалар) тўғрисида ҳуқуқий тушунтириш берди.
Таъкидланганидек, судларда жорий йилнинг 9 ойи мобайнида жами 1768 та никоҳдан ажратиш билан боғлиқ иш кўрилган бўлиб, бу тоифадаги ишлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 355 тага ёки 20,1 фоизга ошган.

– Оилавий ажримларнинг олдини олиш бўйича чоралар дастлаб маҳаллада кўрилишини инобатга олиб, маҳалла раислари ва хотин-қизлар фаолларининг малакасини ошириш мақсадида соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда ўқув -семинарлар ташкил этиб келинмоқда, – дейди вилоят суди судьяси Гулнафис Худойбердиева. – Навоий вилоят суди томонидан ҳар чоракда судларда никоҳдан ажратиш билан боғлиқ кўрилган ишлар умумлаштирилиб, таҳлил қилинади. Шунингдек, судлар томонидан оилалар асоссиз ажратилишининг олдини олиш, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни синчиклаб тарафларнинг барча важларини инобатга олган ҳолда кўриш амалиётини жорий этиш юзасидан барча туманлараро, туман судларига тегишли кўрсатмалар бериб келинмоқда.

Семинарда Қизилтепа туманидаги “Ҳусбиддин”, “Арабхона”, Навоий шаҳридаги “Янгиобод”, “Гулзор”, Нурота туманидаги “Алишер Навоий”, Учқудуқ туманидаги “Кўкпатас” маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ўз фикр- мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир сўнггида судьялар иштирокчиларнинг саволларига атрофлича жавоб берди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири