“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви амалий ечимларга майдон бўлди
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ҳамда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида битирувчи талабалар бандлигини таъминлашга бағишланган “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари бўлиб ўтди.
Унда барча туман ва шаҳар ҳокимлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, банк-молия муассасалари масъуллари ҳамда университет раҳбарияти иштирок этди. Очиқ ва самимий мулоқот руҳида кечган учрашувда вилоят ҳокими битирувчи ёшларни самимий табриклаб, уларнинг келгуси фаолиятида улкан зафарлар тилади.


Шу билан бирга, ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг билим ва салоҳиятидан самарали фойдаланиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини алоҳида таъкидланди. Айни вақтда Миллий университетда Тошкент вилоятидан 1 минг 289 нафар битирувчи таҳсил олмоқда. Шундан 1 минг 200 нафари бакалавриат, 89 нафари магистратура босқичида. Тошкент давлат техника университетида эса 1 минг 195 нафар битирувчи вилоятимиз талабалари саналади. Шундан, 1 минг 71 нафари бакалавр, 124 нафари магистратура мутахассислигида таълим олмоқда.


Учрашув давомида талабалар бандлик, тадбиркорликни ривожлантириш, имтиёзли кредитлар, янги иш ўринлари яратиш каби масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди. Масъуллар томонидан ҳар бир мурожаатга аниқ ва амалий жавоблар берилди. Айрим битирувчилар эса шу жойнинг ўзида тегишли раҳбарларга бириктирилиб, уларни ишга жойлаштириш бўйича топшириқлар берилди.


Маълумки, жорий йил март ойида давлат муассасалари ва йирик корхоналар иштирокида “Меҳнат ярмарка”лари ташкил этилган эди. Бунинг натижасида 149 нафар битирувчининг расмий бандлиги таъминланган. Шунингдек, бугунги кунга қадар туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан талабалар билан индивидуал суҳбатлар ўтказилиб, 118 нафар битирувчининг олий таълим муассасасини тамомлаши билан ишга жойлашиши кафолатланган.


Учрашув якунида ўз соҳа мутахассислиги бўйича вилоят ташкилот раҳбарлари, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан ишга қабул қилиш юзасидан кафолатланган сертификатлар ўз эгаларига топширилди. Шунингдек, Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда олийгоҳ раҳбарияти ўртасида ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Меморандум имзоланди. Мазкур учрашувлар нафақат мулоқот, балки аниқ натижаларга йўналтирилган амалий қадамлар майдонига айланди.
А.Мусаев,ЎзА.