Раҳбар ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқот ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Термиз давлат педагогика институтида битирувчи талаба-ёшлар иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов ҳамда институт ректори Азизбек Ҳасанов қатнашди.
Учрашув ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни замонавий касб-ҳунарга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш ҳамда бандлигини таъминлашга қаратилган “Келажакка қадам” дастурининг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва таклиф-мулоҳазаларни тинглаш мақсадида ташкил этилди.
Самимий ва очиқ мулоқот давомида ёшлар сиёсати соҳасида белгиланган устувор вазифалар — сифатли таълим, бандликни таъминлаш, муносиб иш ўринлари яратиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Ўзмиллийбанк” томонидан амалга оширилаётган “Келажакка қадам” дастури доирасида ёшларга яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Дастур доирасида “Тадбиркорликка илк қадам”, “Бизнес старт”, “Бизнес прогресс”, “Талаба инвест” ва “Менинг биринчи касбим” каби йўналишлар орқали ёшларнинг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.
[gallery-29131]
Мулоқот давомида битирувчилар ўз бизнес лойиҳалари, бандлик ва касбий фаолиятга оид саволлар билан мурожаат қилиб, мутасаддилардан батафсил жавоб ва амалий тавсиялар олди.
Якунда ўз бизнес фаолиятини муваффақиятли йўлга қўйган фаол битирувчиларга 300 миллион, 200 миллион ва 100 миллион сўмлик ваучерлар топширилди.
Тадбир “Келажакка қадам” дастури доирасида ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг келгусида муносиб ўрин эгаллашига кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этди.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА