Қурилиш корхоналари ярим йилда бюджетга 5,2 триллион сўмдан ортиқ солиқ тўлади
Қурилиш – иқтисодиётда нафақат янги бинолар, йўллар ва инфратузилма объектларини барпо этадиган, балки давлат бюджети даромадларини шакллантиришда ҳам муҳим ўрин тутадиган тармоқлардан бири. 2026 йил январь-июнь ойларида соҳада фаолият юритаётган 33 425 та юридик шахс томонидан 5,2 триллион сўмдан ортиқ солиқ тўлангани ҳам буни тасдиқлайди.
Бироқ рақамларга чуқурроқ назар ташланса, яна бир жиҳат эътиборни тортади: жами солиқ тушумларининг 21 фоизи, яъни 1 триллион сўмдан ортиғи атиги 20 та корхона ҳиссасига тўғри келган. Бу эса қурилиш тармоғида йирик солиқ тўловчиларнинг бюджет тушумларидаги салмоғи юқори эканини кўрсатади.
Статистика қўмитасининг маълум қилишича, 2026 йил январь-июнь ойларида қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи 33 425 та юридик шахс томонидан давлат бюджетига жами 5,2 триллион сўмдан ортиқ солиқ тўланган.
Эътиборлиси, мазкур тушумларнинг 1 триллион сўмдан ортиғи, яъни 21 фоизи, атиги 20 та корхона ҳисобига тўғри келган. Ушбу корхоналарнинг жами товар айланмаси 14,1 триллион сўмдан зиёдни ташкил этган.
Шу билан бирга, мазкур 20 та йирик солиқ тўловчи томонидан 133,3 миллиард сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланилган. Ушбу 20 та корхона томонидан тўланган солиқлар турлари кесимида қуйидаги кўрсаткичлар қайд этилган. Қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) 434,1 млрд. сўм, фойда солиғи 274 млрд. сўм, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (ЖШОДС) 191,4 млрд. сўм, ижтимоий солиқ 174,7 млрд. сўм, бошқа солиқлар 20,2 млрд. сўмни ташкил этади.
Келтирилган рақамлар қурилиш тармоғидаги йирик корхоналарнинг давлат бюджети даромадларини шакллантиришдаги ўрни салмоқли эканини кўрсатади. Айни пайтда солиқ маъмуриятчилигининг рақамлаштирилиши орқали корхоналарнинг солиқ мажбуриятларини бажариши, бюджет тушумларининг шаффофлиги ҳамда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш жараёнларини назорат қилиш имкониятлари кенгайиб бормоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА