Қулупнайни “ақлли” иссиқхонада етиширишнинг самараси (+видео)
Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида қулупнай етиштиришга ихтисослашган “смарт” иссиқхона лойиҳасининг очилиш маросими бўли бўтди. Ушбу объект Корея Республикасининг нуфузли компанияси томонидан амалга оширилиб, қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни жорий этиш ва тармоқни модернизация қилишга қаратилгандир.
Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари ҳамда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, олимлар, фермерлар иштирок этди. Мазкур лойиҳа замонавий “смарт” технологиялари асосида ҳосилдорликни ошириш, ресурсларни тежаш ва йил давомида барқарор маҳсулот етиштириш имконини беради. Шу билан бирга, у аграр соҳада халқаро тажриба ва инновацияларни кенг жорий этишда муҳим аҳамият касб этади.
- Мен 2017 йил 20октябрда тадбиркорликни бошладим ва “Firmmit” компаниясини ташкил қилдим, - дейди “Firmmit” компанияси директори Пак Сон Ки. - Бу иссиқхона эски бўлиб, ташлаб қўйилган ва фойдаланиб бўлмайдиган ҳолатда эди. Ҳажми тахминан ярим гектар бўлиб, бу ерда 30 минг туп экилган. Ҳар бир тупдан одатда 1.2 - 1.5 кг гача қулупнай олинади. Бизнинг навнинг хусусияти шундаки, мевасини катта ёки кичик бўлишини бошқариш мумкин. Лекин шахсан мен катта мевани ёқтираман. Шакар миқдори юқори ва ҳарорат ошган сари таъми янада яхшиланади. Шу сабабли биз Ўзбекистон шароитига мос навни ишлаб чиқдик.
Мен тупроқда эмас, асосан гидропоника, яъни сувда етиштиришни қўллайман. Сабаби, тупроққа ўтқазилганда ўсимликда таъм бир хил бўлмаслиги мумкин. Лекин гидропоникада озуқа бир хил берилгани учун таъм, мева ва ҳосил ҳам бир хил бўлади. Бу усулда сув ва озуқа миқдорини тўлиқ назорат қилиш мумкин. Ҳар бир фермер бир хил усулда ишлайди ва бу жараён марказдан бошқарилади. Чунки, ер ости сувлари ҳар жойда турлича, бу эса таъмга таъсир қилади. Биз буни ўз дастурий таъминотимиз орқали бартараф этамиз.
Шунингдек, бу ерда етиштирилган қулупнайларни Россия ва Қозоғистонга экспорт қиламиз.
Лойиҳа доирасида қулупнайнинг Корея селекциясига мансуб, Ўзбекистон учун янги бўлган “FIRMMIT” нави тақдимоти ўтказилиб, унинг ҳозирги анъанавий навлардан устун жиҳатлари ҳақида маълумот берилди. Айтилдики, мазкур нав юқори ҳосилдорлиги, сифати, бозорбоплиги ва айниқса иссиқхона шароитига тез мослашувчанлиги билан маҳаллий навлардан ажралиб туради. Бу каби иссиқхоналарни хаттоки масофадан туриб ҳам бошқариш мумкин бўлади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/RAGuhFRaac8?si=KRLeEzhWHNmk4asZ" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Искандар Исматов, ЎзА