Қозоғистонда чавандозларимиз 8 та медални қўлга киритди
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида от спорти бўйича халқаро мусобақалар бўлиб ўтди. Унда тўсиқлардан сакраш (конкур) йўналишида CSI1*-W Жаҳон кубоги босқичи ҳамда от йўрттириш бўйича CDI1* ва CDI3* тоифасидаги баҳслар ташкил этилди.
Мусобақада иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари жами 8 та медаль — 7 та олтин ва 1 та кумуш медални қўлга киритди.

Тўсиқлардан сакраш бўйича CSI1*-W баҳсларида Хуршидбек Алимжанов “Champions League” лақабли оти билан 125 ва 135 сантиметрлик маршрутларда ғолиб бўлиб, иккита олтин медалга сазовор бўлди. Шунингдек, Алишержон Эркинов “Cool Dancer” тулпорида 135 сантиметрлик тўсиқлардан от сакратишда кумуш медаль билан тақдирланди.

От йўрттириш бўйича CDI1* дастурида Алина Шевцова “Nocito de Muze” оти билан учта стартда иштирок этиб, уларда шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. CDI3* тоифасида эса Алина Шевцова “Zamperoni” оти билан яна иккита олтин медалга эга чиқди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА