Қозоғистон Ўзбекистон билан чегарани очди
Эпидемиологик вазият барқарорлашаётганидан келиб чиқиб, Қозоғистон 11 апрелдан Ўзбекистон, Қирғизистон ва Россия билан қуруқликдаги ўтиш нуқталарида давлат чегарасини кесиб ўтишга қўйилган чекловни бекор қилди.
Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг расмий ахборот манбасида эълон берилди.
Хабарда, шунингдек, Қозоғистон давлат чегарасини ҳаво орқали кесиб ўтиш бўйича ҳам барча чекловлар олиб ташлангани маълум қилинган.
Бинобарин, Қозоғистон фуқаролари ва мамлакат ҳудудида яшаш учун рухсатномага эга бўлган хорижликлар ҳамда ўзаро эмлаш паспорти мавжуд бўлган чет эл фуқаролари учун ПЗР усулидан фойдаланган ҳолда COVID-19 тести манфий натижаси, сертификат ёки тўлиқ эмлашганлик тўғрисидаги ҳужжатни мажбурий тақдим этиш, коронавирусга қарши қайта эмланиш талаби сақланиб қолади.
Баёнотда мамлакат чегарасини очиш масаласи Қозоғистон раҳбарининг доимий назоратида экани таъкидланган. Ҳокимликларга коронавирус инфекциясига қарши эмлаш жараёнини назоратга олиш бўйича тегишли кўрсатма берилган.