Қозоғистон Эрон бўйича кутилмаган таклиф билан чиқди
Қозоғистон Эроннинг юқори даражада бойитилган уран захирасини ўз ҳудудида сақлаш имкониятини кўриб чиқишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ташаббус Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги музокаралардаги энг баҳсли масалалардан бирини ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин.
Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги вакили Ерлан Жетибаевнинг айтишича, Oстoна барча томонлар ўртасида тегишли халқаро келишувга эришилган тақдирда техник ёрдам кўрсатишга тайёр.
Масала Халқаро атом энергияси агентлиги раҳбари Рафаэль Гросси билан Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев ўртасидаги учрашувда ҳам муҳокама қилинган. Гросси Қозоғистонни уран захираси учун эҳтимолий нейтрал майдон сифатида баҳолади.
Таҳлилчилар фикрича, Oстoнанинг бундай ролга даъвогар бўлиши бежиз эмас. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Қозоғистон дунёдаги энг йирик ядровий арсеналлардан бирини ихтиёрий равишда тугатган ва ядровий қуролдан воз кечган давлат сифатида халқаро майдонда катта обрў қозонган.
Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, Эронда 60 фоизгача бойитилган тахминан 440 килограмм уран мавжуд. Бу ядровий қурол учун зарур бўлган 90 фоизлик даражага етмаган бўлса-да, қўшимча бойитилса бир нечта ядровий қурол тайёрлаш учун етарли ҳисобланади.
Теҳрон бу масалада муросага тайёр эмаслигини билдирмоқда. Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси раҳбари Иброҳим Азизий мамлакат уран захираси учинчи давлатга олиб чиқилмаслигини ва ядровий дастур муҳокама мавзуси эмаслигини таъкидлади.
Шу тариқа, Қозоғистоннинг таклифи музокараларга янги имконият яратаётган бўлса-да, томонлар ўртасидаги асосий келишмовчиликлар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА