Қўшкўпирлик ва хонқалик ишсиз “алиментчи”лар ишли бўлди
Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилояти бошқармаси томонидан Қўшкўпир ва Хонқа туманларида вилоят прокуратураси, Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш вилоят бошқармаси ҳамда туман ҳокимликлари ҳамкорлигида алимент тўловчи ишсиз фуқаролар учун меҳнат ярмаркалари ташкил этилди.
Тадбирнинг асосий мақсади алимент тўловчи фуқароларни доимий иш билан таъминлаш, уларнинг даромад манбаини шакллантириш ҳамда фарзандлар таъминоти билан боғлиқ мажбуриятларни ўз вақтида бажаришларига кўмаклашишга қаратилди.
– Бюронинг Қўшкўпир ва Хонқа тумани бўлимлари иш юритувидаги алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари бўйича ташкил этилган ярмаркада 165 нафар фуқаролар қатнашди, – дейди бошқарманинг ахборот хизмати раҳбари Руслан Матрасулов. – Ярмаркада 43 та корхона ва ташкилот томонидан 283 та бўш иш ўринлари тақдим этилди. Ярмаркалар натижасида 8 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган бўлса,12 нафар фуқарога касб-ҳунарга ўқитиш бўйича бепул ваучерлар берилди. Мазкур тадбир якунига кўра 5 нафар фуқаро, жумладан, алимент тўловчи шахслар ишга жойлашиш учун тегишли идора-ташкилотларга йўналтирилди.

Тадбирлар доирасида алимент тўловчи ишсиз фуқароларга амалдаги қонунчилик, бандликни таъминлаш ва барқарор даромад манбаини яратиш масалалари юзасидан ҳуқуқий ва амалий тушунтиришлар ҳам берилди.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири