Қорақалпоғистонда семинар
Оролбўйи халқаро инновация марказида “Қорақалпоғистоннинг деградацияга учраган ҳудудларида барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тизимларини ривожлантириш” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда илмий ҳамжамият, давлат тузилмалари ва фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этди.
Семинар доирасида Қорақалпоғистон шароитида деградацияга учраган ерларни тиклаш ва барқарор агросаноат тизимларини жорий этишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Экспертлар қурғоқчил ҳудудларда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг замонавий ёндашувларини, жумладан, сув тежовчи технологияларни қўллаш, тупроққа ишлов беришнинг такомиллаштирилган усуллари ва уруғчиликнинг самарали тизимларини тақдим этдилар.

Тажриба майдонларида олиб борилган тадқиқот натижаларига алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларга лойиҳанинг амалий ютуқлари ва уларнинг ҳозирги шароитда самарадорлиги намойиш этилди. Шунингдек, барқарор қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга қаратилган янги инфратузилма тақдимоти ўтказилди.
Дастурнинг муҳим қисми фермерларга илмий тадқиқотлар натижасида тавсия этилган истиқболли экинлар уруғларини топшириш бўлди. Улар орасида Африка тариғи (IP 8418), Италия тариғи, икки рангли жўхори (S-35) ва нўхат (IP 9643) навлари бор. Ушбу ташаббус барқарор ечимларни бевосита жойларда тезкорлик билан жорий этиш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг иқлимга чидамлилигини оширишга қаратилган.
Семинар интерактив шаклда ўтказилди ва иштирокчилар амалий саволларга батафсил жавоб олди. Шунингдек, тақдим этилган технологияларни қўллаш бўйича тавсияларга эга бўлдилар.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.