Қорақалпоғистонда паррандачилик: янги имкониятлар ва барқарор ўсиш
Қорақалпоғистонда аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш, ички бозорни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда.
Айниқса, қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири бўлган паррандачиликда замонавий ишлаб чиқариш мажмуаларининг барпо этилаётгани соҳа тараққиёти учун янги имкониятлар очмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасига ташриф давомида давлатимиз раҳбари Кегейли туманидаги “Кегейли барака наслли парранда” корхонаси фаолияти билан танишди. Мазкур замонавий корхона Президентимизнинг 2024 йил 28 июндаги паррандачилик соҳасини қўллаб-қувватлашга доир қарори асосида ташкил этилган бўлиб, лойиҳанинг умумий қиймати 7,8 миллион долларни ташкил этади.
21 гектар майдонни эгаллаган корхона ишга туширилиши натижасида 70 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди. Бунинг ўзиёқ йирик инвестиция лойиҳаларининг иқтисодий самараси фақат ишлаб чиқариш ҳажми ёки молиявий кўрсаткичлар билан эмас, балки одамларнинг бандлиги ва оилавий даромадларини ошириш билан ҳам белгиланишини кўрсатади.
Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ҳам юқори. Бу ерда 200 мингта товуқ боқиш имконияти мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда 130 мингта товуқ парвариш қилинмоқда. Мажмуада йилига 27,5 миллион дона инкубацион тухум етиштирилади. Тайёр маҳсулотлар товуқ ва бир кунлик жўжа кўринишида сотувга чиқарилади. Шу тариқа корхона наслли паррандачиликни ривожлантириш билан бирга, ҳудуддаги паррандачилик хўжаликлари учун зарур маҳсулотларни етказиб бериш занжирида ҳам муҳим ўрин эгалламоқда.
Мазкур лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати паррандачилик учун зарур озуқа масаласи ҳам корхонанинг ўзида ҳал этилганидир. Бу ерда суткасига 100 тонна ем ишлаб чиқариш қувватига эга алоҳида завод қурилган. Ишлаб чиқариш жараёнларининг тўлиқ автоматлаштирилгани меҳнат унумдорлигини ошириш ва замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш имконини бермоқда.
Бундай комплекс ёндашув, аввало, ҳудуднинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Илгари Қорақалпоғистонга товуқ ва тухум маҳсулотларининг бир қисми мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган бўлса, Кегейлидаги замонавий корхона Оролбўйининг мазкур маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш билан бирга, экспорт йўналишини ҳам ривожлантирмоқда. Эътиборлиси, корхона маҳсулотлари хориж бозорида ҳам ўз ўрнига эга бўлмоқда.
Жорий йилнинг сентябрь ойига қадар Афғонистонга 1,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Йил якунига қадар экспорт ҳажмини 1,5 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Бу эса маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш ва ташқи бозорларга чиқиш учун яратилган имкониятларнинг амалий натижасидир. Ишлаб чиқариш қувватларини янада ошириш мақсадида жорий йил якунига қадар 8,5 гектар майдонда қиймати 5 миллион долларлик янги фабрикани ишга тушириш мўлжалланган. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши билан янги иш ўринлари яратилади, ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, ҳудуднинг паррандачилик соҳасидаги салоҳияти янада юксалади. Паррандачиликни фақат бир корхона доирасида эмас, балки йирик ишлаб чиқариш тизими сифатида ривожлантириш муҳим вазифалардан биридир.
Давлатимиз раҳбари бундай мажмуалар келгусида йирик паррандачилик холдингларига айланиб, нафақат янги, балки юқори маошли иш ўринларини яратиши зарурлигини таъкидлади. Бу ёндашув соҳага инвестиция жалб қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш, қайта ишлашни кенгайтириш ва экспорт ҳажмини ошириш учун муҳим замин яратади. Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган бу каби лойиҳалар ҳудуд иқтисодиётида тадбиркорликнинг роли тобора ортиб бораётганини ҳам кўрсатади. Манбада қайд этилганидек, 2016 йилда ҳудуднинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 8,5 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил бошига келиб бу кўрсаткич 54 триллион сўмдан ошган. Бунда тадбиркорларнинг улуши 66 фоизга етган. Демак, Кегейлидаги паррандачилик мажмуаси оддий ишлаб чиқариш корхонаси эмас, балки ҳудудда замонавий агросаноат ёндашувини шакллантиришга хизмат қилаётган лойиҳалардан биридир. Унинг фаолияти янги иш ўринлари, ички бозорни таъминлаш, экспортни кенгайтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва маҳаллий ишлаб чиқариш занжирини ривожлантириш каби бир қатор муҳим натижаларни қамраб олмоқда.
Бугун Оролбўйида янги корхоналар, замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ва тадбиркорлик ташаббуслари кўпайиб бораётгани ҳудуд иқтисодий салоҳиятини янада юксалтириш учун мустаҳкам асос бўлмоқда. Кегейлидаги паррандачилик мажмуаси эса бу жараённинг амалий намунаси сифатида янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Гулжан Халмуратова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O’zLiDeP фракцияси, Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси.
ЎзА