Қўғирчоқ театрининг болажонларга туҳфаси
Наманган вилояти қўғирчоқ театри ижодкорлари томонидан болажонларнинг баҳорги таътил кунларида бир қатор спектакллар тақдим этилди. Даставвал, режиссёр Отажон Турсуналиев томонидан рус драматурги Владимир Орловнинг “Олтин жўжа” эртак-пьесаси асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш қилинди. Эътиборлиси, бу театрда ўз фаолиятини бошлаган иқтидорли мутахассис Отажон Турсуналиевнинг биринчи жиддий ишидир.
Янги спектаклнинг тақдимот маросимида Республика Маданият вазирлиги ҳузуридаги давлат театрлари ва театр студиялари фаолияти бўйича ихтисослашган бадиий-эксперт гуруҳи аъзолари томонидан ижобий баҳоланганди.

Спектакль инсонлар ўртасида тобора камайиб бораётган самимият ва меҳрни улуғлаш кераклигини илгари суради. Бу туйғулар инсонлар хулқини ўзгартира олиши, болаларни кечиримли, раҳмдил ва меҳрибон бўлишга ундайди.
Шунингдек, театр жамоасида ёш ижодкор истеъдодли актёр Бунёдшер Абдуғаппоровнинг “Ўрмон қироллиги” замонавий эртак-пьесасини саҳнага олиб чиқди. Бу режиссёрлик мутахассислиги бўйича олийгоҳни тугатган ижодкорнинг илк ижодий маҳсули эканлигини айтиш жоиз.

Маданият вазирлиги ҳузуридаги давлат театрлари ва театр студиялари фаолияти бўйича ихтисослашган бадиий-эксперт гуруҳи аъзолари эътирофини қозонган ушбу янги спектакль ҳам қўғирчоқ театри шайдоларининг гулдурос қарсаклари билан қарши олинди.
Спектаклда келтирилган воқеалар ўрмон мактабида кечади. Бу ерда шер ҳукмрон бўлиб, ўз ўрнида ўқитувчи-устоз вазифасини ҳам бажаради. У томошабинлар билан бевосита мулоқот орқали ҳайвонларни турли фанлар бўйича имтиҳон қилиб боради. Мазкур услуб жажжи томошабинларни саҳна жараёнининг фаол иштирокчисига айлантиради. Ижобий баҳо олганлар ҳурмат топади, қолоқлар эса...

Асарнинг ғояси ҳар бир мавжудот ўз табиатига, ўзлигига содиқ қолганидагина ҳаёт уйғун ва гўзал бўлиши ҳақидаги фикрни болалар онгига содда, қувноқ ва эсда қоладиган шаклда сингдириш. Асосий мақсад эса, болажонларда адолат, самимият, масъулият, ўзаро ҳурмат ва танқидий фикрлаш туйғуларини шакллантиришга қаратилган.
Шернинг ўз хатосини англаб етиши, тулкининг ақл-заковати, қуённинг журъат топиб ҳақиқатни айтиши бўри, айиқ ва қолган ҳайвонларнинг ҳам ўзига хос ҳақиқатлари орқали болалар ҳаётий сабоқ оладилар. Демак, “Ўрмон қироллиги” – бу оддий эртак эмас, балки кичкинтойлар учун кичик ҳаёт мактаби бўлиб, унда ҳар бир образ ўз дарси, ҳар бир саҳна ўз хулосасига эга.

Таъкидлаш жоизки, ҳар икки спектаклни ихлосмандларга манзур келишида Зайниддин Қирғизов, Умида Муродиллаева, Шоҳжаҳон Тошпўлатов, Муҳаммадали Режаббоев, Исломжон Муҳаммадалиев, Омадбек Исломжонов, Қаҳрамон Давлатов каби актёрларнинг ижроси муҳим ўрин тутди.
Спектаклларнинг ижодий гуруҳи аъзолари Республика Маънавият ва маърифат маркази Наманган вилояти бўлими ҳамда Озода Усмонова бошчилигидаги театр маъмурияти томонидан муносиб равишда тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.