Қизлар от устида ўз маҳоратларини намойиш этишди
Сирдарё вилоятида аёллар ўртасида поло бўйича ўтказилган дўстлик учрашуви нафақат спорт мусобақаси, балки хотин-қизларнинг от спортидаги имкониятлари ва салоҳиятини намоён этган муҳим тадбирга айланди.
Миллий гвардия Сирдарё вилояти бошқармаси тасарруфидаги Чавандозлар мактабида ташкил этилган мусобақада Сирдарё вилояти ҳамда Тошкент шаҳри аёллар поло жамоалари ўзаро куч синашди. Отлар туёғининг шиддатли зарби, спортчиларнинг чаққон ҳаракатлари ва ғалаба учун бўлган интилиши майдонда ҳақиқий спорт муҳитини яратди.

Беллашувлар халқаро қоидалар асосида учта чаккердан иборат тарзда ўтказилди. Ҳар бир давра 7–7,5 дақиқа давом этган бўлса-да, унда иштирокчилар ўзларининг жисмоний тайёргарлиги, тезкор қарор қабул қилиш қобилияти ва от бошқариш маҳоратини тўлиқ намоён этишди. Айниқса, жамоавий ўйин тактикаси ва ўзаро ҳамжиҳатлик учрашувнинг қизиқарли ва муросасиз кечишини таъминлади.

Қизғин баҳсларга бой ўйинлар якунида энг катта ютуқ ғалаба ёки ҳисоб эмас, балки спортчилар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва тажриба алмашинуви бўлди. Барча иштирокчилар муносиб тақдирланиб, хотин-қизлар спортини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун эътироф этилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш ва соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай эътибор туфайли илгари асосан эркаклар спорти сифатида қаралган қатор йўналишларда бугун аёллар ҳам юқори натижаларни қайд этмоқда. Поло ҳам шулар жумласидан. От спортининг ақл, жасорат, чидам ва юқори маҳоратини талаб қилувчи мазкур тури йил сайин юртимизда оммалашиб бормоқда.

Айниқса, 2020 йилда Ўзбекистон Поло федерациясининг ташкил этилгани соҳани тизимли ривожлантириш, мусобақалар сонини кўпайтириш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилди.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида поло бўйича мусобақалар мунтазам ташкил этилиб, ёш авлодни мазкур спорт турига жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса келгусида халқаро майдонларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қиладиган иқтидорли спортчилар захирасини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Тадбирни юқори савияда ташкил этишда Ўзбекистон Поло федерацияси бош котиби Ёрқин Шавкатов, “Адолат” социал-демократик партияси Сирдарё вилояти кенгаши, Миллий гвардия Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси вакиллари фаол иштирок этди.
Сирдарёда ўтказилган мазкур дўстлик учрашуви хотин-қизларнинг от спортига қизиқиши ортиб бораётганини яна бир бор намоён этди.

Муҳими, майдонда мардлик, матонат ва маҳорати билан ажралиб турган чавандоз қизлар миллий спортимиз равнақи йўлида муносиб авлод вояга етаётганини кўрсатди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири