“Қизилқум овози – 2026”
Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида Навоий кон-металлургия комбинати маъмурияти ва касаба уюшмаси Кенгаши ташаббуси билан комбинат маданият муассасаларининг ёш ижрочилари иштирокида “Қизилқум овози – 2026” ХV эстрада қўшиқчилиги кўрик-танловининг 1-тури ўтказилди.
Танлов иштирокчиларининг чиқишлари Ўзбекистон Республикаси Халқ артисти, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори Аваз Ражабов бошчилигидаги санъат ва маданият соҳасининг таниқли намояндаларидан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Танловнинг биринчи босқичида иштирокчилар ўз маҳоратларини намойиш этиб, ўзбек эстрада санъатининг ретро хит қўшиқларини ижро этди.


Танлов натижаларига кўра, 1-ўринни “Фарҳод” маданият саройи хонандаси Зуҳра Сатторова, 2-ўринни “Учқудуқ” маданият саройи хонандаси Гулшан Жўрақулова, 3-ўринни эса “Нуробод” маданият саройи хонандаси Шаҳзод Эшнаев ва “Фарҳод” маданият саройига қарашли “Наврўз” клуби вакили Бахтиёр Ҳамроев эгаллади.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири