Қишлоқ хўжалиги ва экология соҳасида инновацион ечим
Оролбўйи халқаро инновация марказида минтақада қишлоқ хўжалиги ва экология соҳасида инновацион ечимларни жорий этишга бағишланган ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Ҳамкорлик доирасида Беруний туманида яшовчи Қодир Авезимбетов томонидан ишлаб чиқилган гуминли агроминерал ўғитларни синовдан ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Ишланма қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўп йиллик тадқиқотлар ва амалий тажрибалар натижаси ҳисобланади.

Синовлар Оролбўйининг шўрланган ва қурғоқчил тупроқлари шароитида марказнинг тажриба майдонларида ўтказилади. Мутахассисларнинг фикрича, янги таркибларни қўллаш тупроқ унумдорлигини тиклаш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлигини ошириш ва ўсимликларнинг мураккаб иқлим шароитига чидамлилигини яхшилашга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Янги ўғитлар ферментланган кўмир, минерал компонентлар ва органик қўшимчалар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, бу уларни ноқулай табиий шароитли ҳудудлар учун истиқболли ечимга айлантиради.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.