Қирғизистон Президенти иккинчи муддатга номзодини қўймоқчи
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров иккинчи муддатга номзодини қўйиш ниятини эълон қилди. Унинг айтишича, президентлик сайловида иштирок этишни истаган ҳар бир киши учун йўл очиқ.
Биз ҳеч кимни чекламаймиз, Ҳаммаси қатъий қонунга мувофиқ кечади, дея таъкидлаган Жапаров.
Шунингдек, у илгари собиқ давлат миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиевни бўлажак президент сифатида кўрганини таъкидлади:
– 2027 йилги сайловда номзодимни қўйиш эмас, балки олти йил раҳбарлик қилишни режалаштирган эдим. Агар Қамчибек Ташиев тайёр бўлса, тажриба орттирса ва яхши ишлай бошласа, Қамчибекни қўйиб, нафақага чиқаман, дегандим.
Садир Жапаров 2021 йил 10 январда бўлиб ўтган муддатидан олдинги сайловда мамлакат раҳбари этиб сайланган. Марказий сайлов комиссияси расмий маълумотига кўра, у 79,2 фоиз овоз олган. Инаугурация 2021 йил 28 январда бўлиб ўтди. Мамлакатда кейинги президентлик сайлови 2027 йил 27 январга белгиланган.
С.Раҳимов, ЎзА