Қиморхона ташкил этганлар фош этилди
Тошкент вилояти ИИББ ҳамда Ўрта Чирчиқ ва Бекобод туманлари ИИБ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тадбирлар давомида ноқонуний қимор ўйинлари ташкил этилган ҳолатлар аниқланди.
Хусусан, Ўрта Чирчиқ туманида 34 ёшли шахс (А.И.) Тошкент йўли кўчасида жойлашган умумий овқатланиш масканидаги хоналардан бирида 7 нафар шахсга ҳар бир ўйин учун 100 минг сўм эвазига қимор ўйнаш учун шароит яратиб бергани аниқланди. Тадбир давомида иштирокчилардан жами 1 миллион 600 минг сўм пул, 2 дона ошиқ ҳамда 2 дона қоғоз идишлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, Бекобод туманининг Янгиовул маҳалласида 28 ёшли шахс (М.О.) томонидан кластер дала майдонида пул тикиш орқали хўроз уриштириш кўринишидаги қимор ўйинлари ташкил этилгани аниқланди. Тадбир давомида ўйинга тикилган 886 минг сўм пул маблағи ва 4 дона хўроз далилий ашё сифатида расмийлаштирилиб олинди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўрта Чирчиқ туманида 7 нафар, Бекобод туманида эса 25 нафар шахсга нисбатан МЖтКнинг 191-моддасига асосан маъмурий чора кўрилди. Шунингдек, ҳар иккала ҳолат бўйича жами 3 нафар ташкилотчига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА