Қидирувдаги шахс топилди, алимент ундирилди
Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туман бўлими иш юритувида мавжуд бўлган, фуқаролик ишлари бўйича Беруний туман судининг 2026 йил 26 март кунги ижро ҳужжатига асосан қарздор А.Ж. ундирувчи М.А.нинг фойдасига унинг қарамоғидаги икки нафар фарзанди таъминоти учун ҳар ойда алимент пулини тўлаши белгиланган.
Шунга қарамасдан, қарздор алимент пулини мунтазам равишда тўламай келганлиги оқибатида унинг қарздорлиги 12 миллион сўмни ташкил этган. Қарздорнинг яшаш манзили аниқланмаганлиги сабабли, ушбу қарздорликни ундириш имкони бўлмаган ва унга нисбатан бўлим давлат ижрочиси томонидан қидирув эълон қилган.
Мажбурий ижро бюроси Амударё туман бўлими ва Миллий гвардия ходимлари томонидан амалга оширилган ҳаракатлар натижасида қарздор тумандаги бозорлардан биридан топилиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳамда тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Амударё туман судига юборилган.
Натижада қарздор жорий йилнинг 2 сентябрь куни алимент тўловидан юзага келган 12 миллион сўм қарздорликни собиқ турмуш ўртоғига тўлаб берган.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири