Қайта тикланувчи энергия улуши 45 фоиздан ошди
Юртимизда энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши изчил ошиб бормоқда. Бу электр энергияси ишлаб чиқаришда табиий газ сарфини қисқартириш, энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда электр таъминоти барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, 2026 йил 24 июнь куни соат 15:00 ҳолати бўйича республикада электр энергияси истеъмоли 11 365 МВтни, ишлаб чиқариш ҳажми эса 11 728 МВтни ташкил этган.
Ишлаб чиқарилган электр энергиясининг 5 310 МВт қисми қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасига тўғри келган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 585 МВтга ёки 42,6 фоизга кўпдир.
Қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасининг ортиши натижасида иссиқлик электр станцияларида ишлаб чиқариш ҳажми 7 243 МВтдан 6 293 МВтгача қисқарди. Бу эса ИЭСларда табиий газ сарфини 293 минг куб метрга камайтириш имконини берди.
Натижада генерация таркибида қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши 2025 йил 24 июнь куни соат 15:00 ҳолатидаги 33,6 фоиздан 45,3 фоизгача ошди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур кўрсаткичлар “яшил” энергетика улуши ортиб, табиий газ сарфи қисқараётганидан далолат беради.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА