Қатарлик меҳмонлар Бухорода
Қатар Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Шайх Муҳаммад Бин Аҳмад Ал-Куварий бошчилигидаги делегация вакиллари кўҳна ва боқий Бухорода бўлди. Меҳмонлар вилоят ҳокими Ботир Зарипов билан учрашиб мулоқотда бўлди.
Самарали руҳда ўтган мулоқотда таъкидланганидек, сўнгги 6-7 йил давомида икки давлат ўртасидаги дўстлик, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳамкорлик алоқалари анча ривожланди.

Қатар дунёнинг юксак ривожланган, улкан савдо-иқтисодий ресурслар, кенг инвестицион салоҳият ва илғор технологик ишланмаларга эга давлатларидан бири ҳисобланади. Музокара давомида Ботир Зарипов хорижлик сармоядорларга ташриф ва ҳудудда амалга оширмоқчи бўлган бизнес лойиҳалари учун миннатдорлик билдирди ва вилоятнинг айни кундаги иқтисодий салоҳияти, халқ хўжалиги тармоқларида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси хусусида батафсил маълумот берди.

Бугунги кунда вилоятда 430 дан зиёд хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, кейинги беш йилда Қатар билан товар айирбошлаш ҳам ўсди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, вилоятда инвесторлар учун ўзаро манфаатли бўлган, ишга солинмаган жуда катта салоҳият мавжуд.
Ўз навбатида Ал-Куварий самимий қабул учун миннатдорлик билдирди. Бухорога келишни орзу қилганини ва орзусига эришганини айтиб, тарихий шаҳар манзаралари унда катта қизиқиш уйғотганини таъкидлади. Учрашувда икки томон ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича келишиб олинди.

Меҳмонларга Бухоронинг туристик, инвестициявий салоҳияти видеоролик орқали намойиш қилинди. Шунингдек, замонавий турар жой ва ва ишбилармонлик маркази “Bukhara City” мажмуаси, янгидан барпо этилаётган Бухоро халқаро аэропорти лойиҳалари ҳам таништирилди.

Мулоқот якунида Бухоро ва Қатар ўртасидаги ҳамкорликни изчил кенгайтириш, ҳар бир келишувнинг муваффақиятли амалга оширилиши учун барча имкониятлар ишга солиниши белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.