Қашқадарёдан 16 нафар ўқитувчи – “Йил ўқитувчиси” танлови ғолиби
Ўқитувчининг меҳнати – жамият келажагига қўшилган энг муҳим ҳиссалардан бири. Бугун мамлакатимизда таълим сифати ва педагогларнинг касбий салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Президентимиз ташаббуси билан педагоглар ўртасида илк бор ташкил этилган “Йил ўқитувчиси” танлови ҳам ана шу эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Танловнинг якуний натижаларига кўра, Қашқадарё вилоятидан 16 нафар педагог биринчи ўринни эгаллаб, ғолиблар сафидан жой олди.
Бу натижа воҳада фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ўз касбига садоқати, билим ва тажрибаси, замонавий таълим усулларини ўзлаштириш борасидаги изланишлари самараси сифатида намоён бўлди.

Танловда биринчи ўринни эгаллаган ҳар бир педагогга 616 миллион сўм – базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 минг 400 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.

Эътиборлиси, бундай эътироф нафақат ғолиб ўқитувчиларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиради, балки таълим соҳасида ўз устида ишлаш, янгиликка интилиш ва касбий маҳоратни оширишга интилаётган педагоглар учун ҳам муҳим рағбат бўлиб хизмат қилади.

– Муборак туманидаги 34-мактабда она тили ва адабиёт фанидан дарс бераман, – дейди “Йил ўқитувчиси” танлови ғолибларидан бири Фотима Тоғаева. – Педагогик фаолиятим давомида муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил қилинган “Йил ўқитувчиси” танловида қатнашиб, фахрли биринчи ўринни қўлга киритдим. Бундан жуда ҳам хурсандман. Бугун таълим-тарбия соҳасига жуда катта имкониятлар яратилмоқда. Буни ўзим мисолимда ҳам яққол кўриб турибман. Шу кунга қадар педагогларга яратилган имкониятларнинг деярли барчасидан унумли фойдаланиб келяпман. Олий тоифа ва вазир устамасини ҳам қўлга киритиб, бугунги кунда минг доллардан зиёд ойлик оламан. Албатта, бундай эътибор ва ғамхўрликка муносиб жавоб бериб, ёш авлод таълим-тарбиясига янада масъулият билан ёндашишга ваъда берамиз.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири