Қашқадарёда 856 нафар талаба-ёшнинг қарийб 3,8 миллиард сўмлик контракт маблағлари тўлаб берилмоқда
Қашқадарё вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг олий таълим олишини қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий чоралар кўрилмоқда.
Вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг тегишли қарорига асосан ҳудуддаги 856 нафар талаба-ёшнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун қарийб 3 миллиард 780 миллион 600 минг сўм миқдоридаги контракт маблағлари ажратилди.
Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов маълум қилди.
Таъкидланишича, мазкур маблағлар оилавий шароити туфайли контракт тўловини амалга оширишда қийинчиликка дуч келаётган ёшларнинг таълимни давом эттиришига кўмак беради.
Ажратилган маблағлар орасида хотин-қизларнинг олий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларнинг билим ва касбий салоҳиятини оширишга қаратилган қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам муҳим ўрин тутади.
Қайд этиш жоизки, бу каби кўмак ёшларнинг нафақат бугунги таълим олиш имкониятини кенгайтирмоқда, балки уларнинг келгусида мутахассис сифатида шаклланиши учун ҳам муҳим замин яратмоқда. Зеро, оилавий шароит туфайли таълимдан узилиб қолиш хавфи бўлган ёшни қўллаб-қувватлаш унинг келажаги билан бирга жамиятнинг интеллектуал салоҳиятига ҳам сармоя киритиш демакдир.
Қашқадарёда амалга оширилаётган мазкур ташаббус ёшларнинг билим олишга бўлган интилишини рағбатлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига тенг имкониятлар яратиш ва инсон капиталини ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида кўрсатилаётган бундай амалий кўмак ёш авлоднинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган эзгу ташаббусларнинг ҳаётдаги ифодасидир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири