Қашқадарё вилояти ҳокими ваъдасини бажарди
Вилоят халқ таълими бошқармаси ва туман бўлимлари раҳбарларига хизмат автомашиналари берилди.
Жорий йилнинг 27 октябрь куни вилоят ҳокимлиги мажлислар залида Президентимизнинг "Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони лойиҳаси муҳокамасига бағишлаб ўтказилган навбатдаги сессияда Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев халқ таълими мудирларига хизмат автомашиналари ажратишни ваъда қилган эди.
Бугун вилоят мусиқали драма театри олдида ташкил этилган тантанали маросимда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғига "Жентра", туман ва шаҳар халқ таълими бўлими мудирларига "Нексия-3" хизмат машиналари калитлари топширилди.
– Ҳукуматимизни биз таълим тизими ходимларига қаратган бу эътибори, зиммамизга янада кучлироқ масъулият юклайди, – дейди Муборак тумани халқ таълими бўлими бошлиғи Фарид Бозоров. – Туманга яқиндагина раҳбар бўлиб тайинландим ва ҳеч қанча вақт ўтмай бугун хизмат машиналарининг берилиши яна бир ютуқ бўлди.
Туманда дастлабки ишни битирувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичини кўтаришдан бошламоқчиман. Боиси туманда бу борадаги кўрсаткичлар жуда паст. Бундан ташқари, мактабларда олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёж ҳам юқори. Шунинг учун қўшни туманлардан бўлсада, малакали кадрларга бўлган эҳтиёжни қоплаш эвазига таълим сифатини оширишни мўлжаллаяпмиз.


