Қасамёд — Ватан ва халқ олдидаги юксак масъулият (+видео)
Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Жамоат хавфсизлиги университетида янги ўқув йилини бошлаган 1-босқич курсантларининг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Ёш курсантлар учун бу кун — ҳарбий хизматдаги илк ва энг масъулиятли қадамлардан бири. Зеро, қасамёд — Ватан тақдири ва халқ осойишталигини ҳимоя қилишдек шарафли ва масъулиятли вазифага берилган юксак ваъдадир. Ушбу кун университетнинг 1-босқич курсантлари ҳаётида унутилмас воқеа сифатида муҳрланади. Маросим саф майдонига Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи ва Миллий гвардия Байроғининг тантанали равишда олиб кирилиши билан бошланди. Шундан сўнг юрт ҳимояси йўлида илк қадамларини қўяётган ёшлар Амир Темурнинг 12 та энг мухим тузикига хос 12 та бўлинмаларга саф тортган ҳолда Ватан байроғи олдида, қўлида қурол билан янгича ва ўзгача рухда Миллий гвардия сафларида шараф билан хизмат қилишга қасамёд қабул қилдилар. Бугунги қасамёд — бир авлоднинг Ватан олдидаги аҳди. Бу аҳд бор экан, халқ ишончи, юрт тинчлиги ва Ватан шаъни ҳамиша ҳимояда!
Тантанали маросим ҳарбий оркестр садолари остида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижро этилиши билан давом этди. Тадбирда Президент Администрацияси, Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Бош прокуратура, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Божхона қўмитаси, Давлат хавфсизлик хизмати, олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари ҳамда қатор нуфузли идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Маросимнинг бадиий қисмида эса курсантларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлиги, қатъияти ва маҳоратлари намоён этилди. Ушбу даргоҳда таҳсил олаётган ёшларга назар солар эканмиз, кўз ўнгимизда буюк аждодларимиз ворислари бўлмиш, замонавий дунёқарашга эга янги авлодни, улар тимсолида эса бугунги Миллий Гвардияни кўрамиз!
Бугун университет олдида турган вазифалар замонавий ислоҳотлар билан уйғун равишда кенгайиб бормоқда. Жорий йилда университетга 600 нафарга яқин курсант қабул қилинди. Уларнинг 250 нафари келгусида профилактика инспектори сифатида жамоат тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш каби масъулиятли вазифаларни бажаради. Таълим жараёни “назариядан — ихтисосликка, ихтисосликдан — амалиётга” тамойили асосида ташкил этилмоқда. Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар Юрт тинчлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлаш йўлида замон талабларига мос равишда дрон ва антидронларни қўллай олиш, робототехника ва рақамлаштирилган тизимни такомиллаштириш, сунъий интеллект орқали бошқарувга асосланган янгича ёндашувни таълим жараёнига татбиқ қилинганлигини гувоҳи бўлишди, бу эса Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. Тантана мусиқий дастур билан давом этди.
Қасамёд — оддий ваъда эмас. У, аввало, Ватан ва халқ олдидаги юксак масъулият ифодасидир. Бугун қасамёд қабул қилган ёшлар учун эса бу муқаддас сўзлар келгуси хизмат фаолиятининг асосий мезони, шараф ва садоқат йўлининг мустаҳкам пойдевори бўлиб қолади.
Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА