Қарз тўланди ва жиноят иши ярашув сабаб тугатилди
Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани судида алимент мажбуриятини бажармаслик билан боғлиқ жиноят иши кўриб чиқилди.
Иш материалларига кўра, фуқаролик ишлари бўйича суднинг ижро ҳужжатига асосан фуқаронинг вояга етмаган уч нафар фарзанди таъминоти учун унинг ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг иккидан бир қисми миқдорида, фарзандлари вояга етгунга қадар алимент ундириш белгиланган. Бироқ, белгиланган мажбуриятга қарамасдан, алимент тўлови ўз вақтида амалга оширилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан шахсга нисбатан аввал маъмурий чора қўлланилиб, алимент тўловларини тўлашдан қасддан бўйин товлаш давом этган тақдирда жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида тегишли тартибда огоҳлантирилган. Шунга қарамасдан, алимент тўлашдан бўйин товлаганлиги учун жиноят иши қўзғатилиб, судда кўриб чиқилган. Суд муҳокамаси жараёнида судланувчи ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, алимент тўловларини ўз вақтида амалга ошира олмаганини маълум қилди. Шу билан бирга, суд жараёнида айбланувчи 224 миллион 746 минг сўмдан ортиқ миқдордаги алимент қарзини тўлиқ қоплади.

Жабрланувчи эса алимент қарздорлиги тўлиқ бартараф этилганини инобатга олиб, судланувчи билан ўзаро ярашганини билдирди ва жиноят ишини ярашув муносабати билан тугатишни сўради.
Суд иш материалларини синчиклаб ўрганиб, судланувчининг айбига иқрор бўлгани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, етказилган моддий зарарнинг тўлиқ қоплангани ҳамда жабрланувчи билан ўзаро ярашганини инобатга олди.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, айрим турдаги жиноятларни содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлиб, жабрланувчи билан ярашган ва етказилган зарарни қоплаган тақдирда, қонунда белгиланган асослар мавжуд бўлса, жиноий жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 66¹-моддасида ярашув муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш институти белгиланган бўлиб, мазкур норма Жиноят кодексининг 122-моддасида назарда тутилган жиноятга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин. Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси 4-қисмига кўра, қонунда назарда тутилган ҳолларда жабрланувчи билан ярашган тақдирда, жиноят иши айбдорлик масаласи ҳал этилмасдан туриб иш юритишдан тугатилса ҳам бўлади.
Суд томонидан ишнинг барча ҳолатлари, тарафларнинг кўрсатмалари ва иш бўйича тўпланган далиллар ҳар томонлама ўрганилиб, ҳуқуқий баҳо берилди. Жабрланувчи томоннинг ярашув ҳақидаги позицияси, алимент қарзининг тўлиқ қоплангани ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолатлар инобатга олиниб, жиноят ишини тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан тугатиш учун қонуний асослар мавжуд, деган хулосага келинди.
Натижада суд ажрими билан жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси 4-қисмига асосан иш юритишдан тугатилиб, шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди. Шу билан бирга, мазкур ҳолат алимент мажбуриятини бажаришдан бўйин товлашга йўл қўйилиши мумкин, деган хулосани англатмайди. Аксинча, ота-онанинг вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлаш мажбурияти қонун билан белгиланган бўлиб, алимент тўловларини ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш фарзандларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.
Мазкур ишда алимент қарзининг тўлиқ қоплангани ва тарафларнинг ярашганлиги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий оқибат келтириб чиқарган бўлса-да, алимент мажбуриятларини ўз вақтида бажариш ҳар бир ота-онанинг қонуний бурчи эканлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди.
Абылай Адилов,
Жиноят ишлари бўйича Хўжайли тумани суди раиси.
ЎзА