Қаршида ногиронлиги бўлган болалар учун дам олиш кунлари ҳам янги хизматлар йўлга қўйилди
Қарши шаҳридаги “Имкон” реабилитация марказига эга давлат кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида ногиронлиги бўлган болалар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлашга қаратилган янги пуллик хизматлар йўлга қўйилди.
Янги хизматлар икки йўналишни қамраб олади. Жумладан, 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган алоҳида таълим эҳтиёжига эга болалар учун ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари “Қараб туриш хизмати” ташкил этилди. Шунингдек, 2 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар учун реабилитация хизматлари ҳам кўрсатилмоқда.


Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Қараб туриш хизмати” ота-оналарга дам олиш кунлари шахсий ёки хизмат вазифалари билан бемалол шуғулланиш имконини яратмоқда. Бу эса фарзанди алоҳида парвариш ва эътиборга муҳтож бўлган оилалар учун муҳим қулайлик ҳисобланади.

Айниқса, ҳаракатланиш ва нутқида нуқсони бўлган болалар учун ташкил этилган реабилитация хизматлари уларнинг жисмоний ва ижтимоий ривожланишини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири